Астанада «Ал-Жазира билан бир ҳафта» тадбири якунига етди. Биринчи маротаба Мақсут Нариқбаев номли университетда таҳсил олаётган қозоғистонлик ва Марказий Осиёдан келган 80 дан зиёд талаба жаҳон медиатузилмасининг энг яхши мутахассислари тўплаган илғор тажриба ва ноёб билимлар билан танишди. Қатар телеканалининг сертификатлари топширилишидан олдин тренингда қатнашган ҳар бир иштирокчи тележурналистика соҳасида курс лойиҳасини ҳимоя қилди. Эслатамиз, ушбу курслар Қозоғистон Президенти Телерадиомажмуаси кўмаги билан ташкил этилган.
Хадиша Елеусин, MAQSUT NARIKBAYEV UNIVERSITY Халқаро журналистика мактаби талабаси:
– Мен учун энг қизиқарлиси амалий машғулотлар бўлди. Таҳсил жараёнида ўзим учун телебошловчилик курсларини танладим ва халқаро мутахассислардан кўплаб фойдали нарсаларни билиб олдим. Бизга стрессли вазиятда журналист бўлиб қолишни тушунтиришди, ўзимизни қандай тутишни ва муаммоларни қандай ҳал қилишни ўргатишди.
Амина Қўзибақова, MAQSUT NARIKBAYEV UNIVERSITY Халқаро журналистика мактаби талабаси:
– Мен Ресул Этэш курсларида қатнашдим. У ҳам журналист, ҳам телебошловчи. Ҳарбий зиддиятлар, табиий офатлар юз берган жойлардан репортажлар тайёрлаган ва бизга бундай мураккаб вазиятларда қандай ишлаш кераклиги ҳақида сўзлаб берди. Бу ростдан ҳам қийин, деб ўйлайман. Чунки унга ҳатто камерани тутиб туришда ҳам ҳеч ким ёрдам бермаган. Менимча, бу каби қийинчиликларга қарамай, журналистлик касби жуда қизиқарли.
Олий ўқув юрти ректори Сергей Пен фикрича, қайноқ нуқталардан репортаж тайёрлаш ва объектив журналистик текширув ўтказишдек ҳаётий тажрибага эга бўлган мутахассислардан таҳсил олиш – қозоғистонлик бўлғуси мухбирлар учун келажак сари улкан қадам бўлади. Талабалар шу орқали маҳоратини чархлайди, жаҳон стандартлари бўйича амалий малака касб этади.
Сергей Пен, MAQSUT NARIKBAYEV UNIVERSITY ректори:
– Ал-Жазира медиаинститути билан ҳамкорлик борасида муваффақиятли меморандум имзоладик. Ва бу дастур, умид қиламизки, институционал, яъни доимий ёки йилига камида бир марта ўтказиладиган бўлади, Ал-Жазира мураббийлари бу ерга келиб, талабаларимиз билан ишлайди. Умид қиламизки, ушбу дастур битирувчилари ўзаро энг яхши талабаларимиз учун энг яхши имкониятлар берилишини кўрсатиб берувчи ҳамжамиятни шакллантиради.
Таъкидлаймиз, университет халқаро журналистика мактаби эришган маррасида тўхтаб қолмоқчи эмас. Келажакда дунёнинг бошқа етакчи ахборот агентликлари ва телеканаллари билан ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.