Сунъий идрок ва рақамли технологиялар Қозоғистондаги меҳнат бозорига таъсир кўрсатмоқда. Тегишли вазирлик маълумотларига кўра, 2035 йилга бориб, мамлакатимизда 560 дан кўпроқ касб AI таъсирида ўзгаришга учрайди, 14 таси эса тўлиқ йўқолади. Шу билан бирга, СИ билан соҳавий билимларни бирлаштирган янги ихтисосликлар пайдо бўлади. Экспертлар фикрича, яқин йиллар ичида уларга талаб фақат ошади. Бунда бандлик тузилиши таълим тизими бунга мослашишга улгуришидан тезроқ ўзгаради. Иш берувчилар ҳозирданоқ илғор корхоналарда, рақамли технологиялар, тоза энергетика, мудофаа ва креатив саноатда кадрлар танқислигига дуч келмоқда. Мамлакат Фан ва олий таълим вазирлиги 73 мингдан зиёд корхонада сўров ўтказди. Ушбу сўров натижалари бўйича энг талабгир касбларни аниқлашга эришилди, иқтисодиёт техник мутахассисларга кучли эҳтиёж сезяпти. Айни пайтда чорвачилик ва металлургия каби йўналишлар ҳам ўта аҳамиятли соҳалардан.
Дания Еспаева, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси Раиси ўринбосари:
– Иқтисодиётнинг асосий секторларига сунъий идрокни жадал жорий этиш олий таълим тизимидан рақамлаштириш ва автоматлаштириш шароитида ишлай оладиган мутахассисларни тайёрлашни талаб қилади. Бунинг учун олий таълим олишга бўлган имкониятлар сезиларли кенгаяди ва давлат кўмаги кучайтирилади. Хусусан, кейинги беш йил ичида соҳани молиялаштириш ҳажми 246 миллиард тенгедан 472 миллиард тенгега оширилган. Ҳар йили давлат таълимий грантлари сони кўпаймоқда, бу йил улар сони 77 мингга етган.
Шу билан бирга, Қозоғистонда университетларнинг Рақамли Миллий рейтинги жорий қилинади. Бу олий ўқув юртлари самарадорлигини баҳолашнинг асосий воситасига айланади. Лойиҳани ишга тушириш ҳақида Мажилисда бўлиб ўтган ҳукумат соатида Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек маълум қилди. Рейтинг асосида давлат молия маблағлари тақсимланади, олий таълим даргоҳининг ўрни қанчалик юқори бўлса, шунчалик кўп ёрдам олиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу натижалар абитуриентлар учун танлов критерийларидан бирига айланади. Таъкидлаймиз, тизим жорий йилдан иш бошлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

