Сенат Туркистоннинг алоҳида мақоми ҳақидаги қонунни маъқуллади

Сенат Туркистоннинг алоҳида мақоми ҳақидаги қонунни маъқуллади

Туркистонга алоҳида мақом берилади. Сенатда тегишли қонун маъқулланди. Ҳужжатда шаҳарнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш чоралари кўзда тутилган. Жумладан, улар Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ёнида қуриладиган янги бинолар баландлигини чеклашга ҳам тааллуқли. Аниқроғи, бинолар муҳофаза зонаси чегарасидан 100 метр нарида бўлиши, баландлиги 7 метрдан ошмаслиги керак. Умуман, қонун нафақат тарихий-маданий ёдгорликларни бошқариш ва муҳофазалашнинг самарали тизимини яратиш, балки миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга ҳам қаратилган. Ҳужжатнинг алоҳида моддалари билан шаҳар ҳокимлиги ва Маслихатга 37 та янги ваколат берилади. Масалан, Маслихат шаҳарсозлик регламенти ва меъморий қиёфани шакллантириш қоидаларини тасдиқлайди. Миллий иқтисодиёт вазирлигида Туркистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиёти борасида батафсил маълумот берилди. 

Арман Қасенов, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари:

- Охирги олти йилда Туркистонда аҳоли сони йилига ўртача 5 фоиз ўсган, бу йирик ўсиш суръати. Шубҳасиз, мазкур омил ҳисобга олинганди. 2018 йилда республика бюджетидан мақсадли трансферт 13 миллиардни ташкил қилган, ўтган йили эса 72 миллиардга етди. Яъни 5,5 марта ўсди. Ялпи минтақавий маҳсулот 6 марта ошган, маҳсулот чиқариш 10 марта кўпайган, Туркистоннинг соф даромади 14 марта ошди, яъни ижобий самара кўриниб турибди.

Абдумалик Сарманов таржимаси