Қосим-Жўмарт Тўқаев Алмати аэропортидаги халқаро терминални бориб кўрди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Алмати аэропортидаги халқаро терминални бориб кўрди

Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Алмати шаҳрига амалий сафар билан борди, очилиш арафасида бўлган халқаро аэропорт терминалини кўздан кечирди. Президентга ҳисобот беришларича, халқаро стандартларга мос шаклда бунёд этилган объектнинг ҳудуди 53,5 минг квадрат метрга тенг. Ўтказиш қуввати йилига 14 миллион кишини ташкил қилади. Ҳаво дарвозаси етакчиси Альп Эр Тўнға Эрсўй таъкидлашича, терминал ёнғин ва сейсмик хавфсизлик талабларига мос қурилган. 10 балл қувватга эга зилзилага бардош беради. Қосим-Жўмарт Тўқаев рўйхатга олиш, чегарадан ўтиш, божхона назорати ва юкхона зоналарини кўриб чиқди. Терминал Марказий Осиёда биринчи бўлиб EDGE стандарти бўйича сертификат олгани маълум қилинди. Унда 50 та рўйхатдан ўтказиш пештахтаси бир вақтнинг ўзида хизмат қилиши мумкин, энг янги ускуналар сотиб олинган, имконияти чекланган одамларга хизмат қилиш имконияти яратилган. Давлат раҳбари аэропортнинг янги VIP-терминалига ҳам борди. Ташриф ниҳоясида президент қурувчи компанияга ва бу стратегик объектни бунёд этишда қатнашган барча масъул шахсларга миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, Президент Алматида олимлар билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз нутқида фан ва таълим каби соҳаларни ривожлантириш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мамлакатга ёш олимлар, муҳандислар, кашфиётчилар керак. Давлат раҳбари Қозоғистон Евроосиёнинг энг йирик рақамли хабларидан бирига айланиши зарурлигини кўрсатиб ўтди. Бунинг учун барча соҳаларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, экотизим яратиш зарур.


Абдумалик Сарманов таржимаси.