Қозоғистонда атом энергетикаси бўйича мутахассислар тайёрлашда Венгрия тажрибасидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, IT ва машинасозликда, дронларни конструкциялашда Хитой ишланмаларини қўллаш режа қилинган. Бу ҳақда мамлакат Маориф вазири Астанада «Ишчи касблар шаҳри» фестивалининг очилишида маълум қилди. Тадбир Ишчи касблар йили доирасида ўтказиляпти. Энг асосий тадбир, Ғани Бейсембаев айтишича, Қозоғистондаги 10 та коллежнинг интернационаллашиши бўлади. Мақсад – уларнинг рақобатбардошлигини глобал даражада ошириш ва таълим дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш. Бундан ташқари, Астанада техника ва касбий таълим талабаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун Миллий компетенциялар маркази барпо этилади.
Ғани Бейсембаев, Қозоғистон Республикаси Маориф вазири:
- Марказ World Skills International профессионал стандартларини, янги технологик ечимлар, замонавий инновациявий малакаларни ишлаб чиқиш ва саноатга жорий этишга хизмат қилади. Бундан ташқари, бу жаҳон стандартларига мос равишда сертификатланган мутахассислар тайёрлаш майдончасидир. Жорий йилда туркий тилли давлатлар ўртасида биринчи марта ишчи касбларнинг бўлғуси мутахассислари маҳоратини оширишга йўналтирилган Turkic Skills чемпионатини ўтказиш режа қилинган. Тадбирнинг якуний мақсади – туркий тилли давлатлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали сармоя жалб қилиш ва келажакда мамлакатимизни Марказий Осиё давлатлари учун профессионал таълим хабига айлантириш.
Таъкидлаш лозимки, Шаҳарча ҳудудида 8 та мавзуларга оид кўча бор: тоғ-кон ва металлургия, машинасозлик ва транспорт, энергетика ва нефть саноати, қишлоқ хўжалиги ва сув, қурувчилик, келажак касблари, шунингдек, қутқарувчилар, тиббиёт марказлари мавжуд. Шунингдек, 40 та креатив уйча қўйилган. Улардан мақсад – соҳани ва касбий ривожланиш йўналишларини намойиш қилиш. Фестиваль доирасида турли семинарлар ва мастер-класслар, инновациявий сессиялар, касблар паради, иш ўринлари ярмаркаси, стартаплар тақдимоти ташкил қилинади, концерт ва тренинглар ўтказилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

