Қозоғистон ва Туркия алоқалари кучайтирилади

Қозоғистон ва Туркия алоқалари кучайтирилади

Қозоғистон ва Туркия ҳарбий мол-мулк ва ходимларни икки давлат ҳаво ҳудуди бўйлаб транзит қилиш тўғрисида келишиб олди. Бугун Қозоғистон Парламент Мажилиси тегишли шартномани ратификация қилди. Ҳужжат бу каби ташувларни амалга ошириш қоидаларини тартибга солади, бунга ижозат бериш ва парвозларни мувофиқлаштириш механизмлари ҳам киради. Келишув томонлар ҳамкорлигини енгиллаштириб, ҳаво ташувларида тезкорликни ошириши ва икки давлатнинг хавфсизлик соҳасидаги шериклигини кучайтириши кутилмоқда.

Асқар Мустабеков, Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари: 

 - Айни пайтда, ҳар бир давлат транзит учун исталган рухсатномани рад этиш, шунингдек, берилган рухсатномани тўхтатиш ёки бекор қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади, бу агар Томонлардан бири сўралган ҳарбий мол-мулк ва ходимлар транзити ҳақиқий Шартнома моддаларига мос келмайди ёки миллий хавфсизликка зарар келтиради, деб ҳисоблаганда мумкин бўлади.

Давлат хизмати учун кадрлар рақамли форматда сараланади

Шунингдек, Мажилис давлат хизмати тизимини модернизация қилишга йўналтирилган янги таҳрирдаги қонунни иккинчи ўқишда қабул қилди. Тузатишлар доирасида давлат хизматига саралаш рақамли форматда, Е-қизмет тизими орқали ўтказилиши кўрсатилган, бу жараён шаффофлигини ошириш имконини яратади. Бундан ташқари, давлат раҳбари топшириқлари доирасида ишлаб чиқилган ҳужжатда давлат хизматчиларига янги талаблар мустаҳкамлаб қўйилган. Улар сирасида ватанпарварлик, профессионаллик, очиқлик ва бенуқсон обрў-эътибор кўрсатилган. Шунингдек, қонунда хизмат жозибадорлигини ошириш бўйича чоралар кўзда тутилган, бу – маош индексацияси, компенсация ва ижтимоий кафолатдир. Қолаверса, давлат хизматига киришга тайёрлайдиган институт жорий этилади.

Марат Башимов, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:

- Тузатишларнинг алоҳида қисми қонун лойиҳаси моддаларини Қозоғистон Республикасининг янгиланган Конституциясига мослаштириш билан боғлиқ. Бу ишлар муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳуқуқ тизимининг конституциявий меъёрларнинг устуворлиги тамойилига мослигини таъминлайди. Қонун лойиҳаси бандлари рўёбга чиқарилиши давлат девони профессионаллигини оширади, давлат бошқаруви сифатини, жамиятнинг давлат институтларига ишончини оширади.

Абдумалик Сарманов таржимаси