Қозоғистонда медиа соҳасини ривожлантириш учун ижтимоий-профессионал кенгаш тузилади. Унга журналистларнинг ахлоқий кодексини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилади. Бундан ташқари, республикада давлат тилидаги телерадиодастурларнинг ҳафталик ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш режа қилинган. 2025 йилдан бошлаб, ҳажмни 55 фоизга, 2027 йилдан эса 60 фоизга етказиш кўзланган. Маҳаллий раидо ва телевидениеларда хорижий телерадиодастурлар ретрансляциясини 20 фоиздан 10 фоизгача камайтириш кўзда тутилган. Бугун Қозоғистон Сенати маъқуллаган масс-медиа тўғрисидаги қонунга шу ва бошқа тузатишлар киритилган. Ҳужжат имзо учун Президентга йўлланган. Унда, дейилади тегишли вазирликда, бугунги кунда мавжуд 17 та мажбурий телеканалга қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқиш имконини берувчи янгиликлар ҳам мавжуд.
Қанат Исқақов, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири ўринбосари:
- Эндиликда 17 та давлат каналининг 9 таси бундан чиқарилади, улар танловда қатнашмайди, шунга кўра, ҳеч қандай ҳужжат ҳам топширмайди. Қолган 8 та иштирокчига келсак, биринчи навбатда, белгилаш чоғида уларнинг мазкур пакет таркибида бўлиши ҳисобга олинади, албатта, энг аввало, уларнинг контент қисми ҳам. Бу мазмун таркиби, маданий, маърифий қисм, бутун контент биздаги барча қонунчилик меъёрларига мувофиқ келиши керак, албатта, фуқароларнинг анъана ва меъёрларига ҳам, шу боис, бу критерийларни мажбурий каналлар рўйхатини аниқлашга киритдик.
Қозоғистонда ноқонуний балиқ овига қарши кураш кучайтирилади
Шунингдек, Парламент Юқори палатасида бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Сенат Бутунжаҳон Савдо Ташкилоти таъсис этилиши тўғрисидаги Марокаш келишувига киритилган ўзгаришлар ҳам ратификация қилинди. Улар балиқ овига субсидияларга тааллуқли, жумладан, тартибга солинмаган балиқ овини қўллаб-қувватлашга тақиқлар борасида. Умуман, ҳужжатда 12 та модда кўзда тутилган бўлиб, улар балиқчилик соҳасидаги асосий тушунчаларни ўз ичига олган: табиий офатларни бартараф этиш учун субсидия турлари, шунингдек, ноқонуний балиқ овлашда гумон қилинган кемани вақтинча ушлаб туриш ва хабардор қилиш тартиби. Умуман, Баённома ратификация қилиниши биозахираларни асраш ва улардан рационал фойдаланишга хизмат қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.