Сенат депутатлари Қозоғистон Республикасида Конституциявий суд тўғрисида қонунни маъқуллади. Ҳужжат ушбу ташкилот ва судялар мақомини ҳамда кафолатларини ва конституциявий фаолият тартибини тасдиқлайди. Янги ўзгаришларга мувофиқ, Конституциявий суд ҳокимиятнинг суд тармоғидан чиқарилади. У Олий Қонуннинг устуворлигини ва мақомини белгиловчи органга айланади. Сенатда таъкидлашларича, қонун лойиҳасида Конституциявий суд аъзоларини тайинлаш ва ваколатини тўхтатиш масалалари тартибга келтирилган. Уларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатланган. Мурожаатлар бериш, уларнинг турлари ва кўриб чиқиш тартибига аниқлик киритилган. Депутатлар фикрича, қонун лойиҳаси Давлат раҳбари бошлаб берган конституциявий ислоҳотларни рўёбга чиқаришга йўналтирилган.
Андрей Лукин, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:
- Конституциявий қонун лойиҳасига мувофиқ Конституциявий суд тузилиши ва фаолияти билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар тартибга келтирилади. Шунингдек, конституциявий суд жараёни амалга оширилади. Конституциявий қонун қабул қилиниши сабабли ҳуқуқ тизими Конституцияга мувофиқ ривожланади, фуқаролар ҳуқуқлари ва давлатдаги қонунчилик тизими мустаҳкамланади. Аҳолининг давлат ташкилотларига ишончи юксалади.
Қанат Мусин, Қозоғистон Республикаси адлия вазири:
- Умуман олганда, Конституциявий қонун лойиҳаси уч қисм, 10 боб ва 67 моддадан иборат. Мазмунига кўра, икки қисмга бўлиш мумкин. Биринчиси – Конституциявий суд, судялар мақоми, уларни таъминлаш кафолатлари. Иккинчи қисми – конституциявий суд жараёни.
Абдумалик Сарманов таржимаси.