Давлат раҳбари Туркистон аҳли билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев амалий сафар билан шу минтақада бўлиб турибди. Президент сўнгги йилларда юз берган ижобий ўзгаришларга эътибор қаратди. Туркистонга жалб этилган инвестиция ҳажми 8 марта ошган. Туризм соҳасида вазият сезиларли ўзгарди. Вилоят саёҳатчиларни ўзига жалб этмоқда. 2019 йилдан буён минтақага 2 миллион турист ташриф буюрди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сўнгги уч йил мобайнида вилоятда саноат ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш 1,5 марта ортди. 64 мингта янги доимий иш ўрни яратилди. Шу тариқа, одамларнинг турмуш даражаси аста-секин кўтарилмоқда. Давлат минтақани ривожлантириш учун имкон қадар куч сарфлаяпти. Муаммолар, айниқса, ижтимоий соҳада етарли. Лекин маҳаллий халқнинг ҳаракатга кўчиши жуда муҳим. Туркистонликлар бу борада жуда фаол иш юритяпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда президент сайлови жараёнига изоҳ берди, Президентни бир муддатга сайлаб олиш ниҳоятда муҳим ўзгариш эканлиги ва бу келажак учун зарурлигини тилга олди. Давлат раҳбари таъкидлашича, бундай шиддатли ўзгаришлар минтақада ҳали кузатилмаган. Қозоғистон Президенти халқаро вазиятга мамлакатимиз муносабатини ҳам тилга олди. Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳамиша нейтрал мавқеда турганини кўрсатиб ўтди. Бундай иш тутиш миллий манфаатларимизга мос. Халқимизнинг кучи бирликда, оқилликда, бағрикенгликда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги дахлсиз бўлиши шарт. Бу – асосий тамойил. Мен халқаро саҳнада ушбу фикрни очиқ-ойдин айтиб келмоқдаман. Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти трибунасида туриб ҳам ушбу тамойилни яна бир марта бежиз таъкидлаб ўтмадим.
Шунингдек, давлат раҳбари Туркистон вилоятининг эко-фаоллари билан бирга Ботаника боғида дарахт ўтқазди. Тадбир иштирокчилари билан суҳбатда Президент ватанпарварлик ҳалол меҳнатдан бошланишини яна бир марта такрорлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси