Қозоғистон Энергетика вазирлиги ёнилғи-мойлаш материалларини ишлаб чиқаришдан тортиб, сотиш ва сақлашгача бўлган барча босқичларни тўлиқ назорат қилишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда дизель ёнилғиси ва умуман, ёнилғи-мойлаш материаллари захирасини яратиш кўзда тутилган. Ёнилғи нархига тегишлиси эса шундаки, вазирлик раҳбари Мағзум Мирзағалиев сўзига кўра, айни пайтда вазиятни барқарорлаштириш бўйича иш кетмоқда.
Мағзум Мирзағалиев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири:
- Биз тизимли ўзгаришлар киритамиз. Биринчиси – учта нефтни қайта ишлаш заводида режали ва режадан ташқари реконструкция кетмоқда, биз бу иш муддатини аниқлашимиз керак. Иккинчиси – захиранинг моддий-техник базасини шакллантириш. Учинчиси – назоратга олиш. Ҳар бир нефть базасини зарурий жиҳозлар билан таъминлаш лозим. Бу масалалар кўриб чиқилмоқда. Ва йил охиригача тегишли ўзгартиришлар киритамиз».
Сенатда яқин уч йилда республика бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Шундай қилиб, 2022 йилда давлат умумий харажатларининг деярли 51 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилади. 2024 йилга бориб,бу кўрсаткич 60 фоизни ташкил қилади. Жами бўлиб, ижтимоий соҳага 26 триллион тенгедан ошиқроқ маблағ ажратилади.
Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати раиси:
- Бу маблағлар кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал этишга имкон беради. Мисол учун, ижтимоий тўловлар индексацияси, ўқитувчи, врачлар, бюджет ҳисобидан маош оладиган бошқа ходимлар маоши оширилиши, кўпгина ижтимоий объектлар қурилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Юқори палата Спикери маълум қилганидек, ғазна маблағлари умуммиллий мақсадларни рўёбга чиқаришга ҳам сарфланади. Улар коронаинқироз оқибатларини бартараф этиш ва мамлакат президенти берган топшириқлар ижросига йўналтирилади.
Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати раиси:
- Келгуси уч йилдаги бюджет – бу кўпроқ даражада тикланиш ва тараққиёт бюджети. Давлат раҳбари Мактубида пандемиядан кейинги даврда иқтисодиётни тиклаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини
ошириш, минтақаларни ривожлантириш, аҳолини ташвишга соладиган ўткир ижтимоий масалалар ечими бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ушбу вазифаларни молиялаштириш бюджетда ўз аксини топган.
Таъкидлаш жоиз, Сенатда қонунга бир қатор тузатишлар киритилди ва уни Мажилисга қайтаришга оид қарор қабул қилинди.
Хуршида Абдуллаева таржимаси