Сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқий, шунингдек, транспорт, энергетика, таълим ва фан соҳалари. Қозоғистон Европа Иттифоқи мамлакатлари билан шу ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни давом эттиради. Мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко таъкидлашича, Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг асосий савдо ва инвестициявий ҳамкори, унинг ҳиссаси ташқи савдо ва бевосита хорижий инвестицияларнинг 40 фоизини ташкил қилади.
Роман Василенко, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари:
– Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг турли йўналишларини муҳокама қилдик. Бу ташкилот иқтисодиёт, чегаралар хавфсизлиги, гиёҳванд моддалар ташишга қарши курашиш соҳасида кўп йиллик дастурларни рўёбга чиқармоқда. Таълим ва бошқа қатор йўналишларда иш юритмоқда. Европа Иттифоқи Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги кўплаб лойиҳаларни молиялаштиради. Бундай лойиҳалар учун ташкилот ажратаётган маблағ миқдори оширилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Люк Девинь, Европа ташқи алоқалар хизмати Россия, Марказий Осиё ва ехҳт бўйича бошқарувчи директори ўринбосари:
– Қозоғистон ва Европа Иттифоқи эски дўстлар, ўзаро ҳамкорлик муносабатлари шаклланган. Шартномада 29 та турли соҳа кўрсатиб ўтилган. Икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларда Қозоғистон марказий ўрин тутади. Хавфсизлик масаласи ҳам муҳим. Биз барча йўналишларда муносабатларни ривожлантириб борамиз. Президент Тўқаев 16 мартда эълон қилган Янги Қозоғистон яратилиши жараёнини катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз. У тилга олган нарсаларнинг кўпчилиги қадриятларимиз ва тамойилларимизга мос.
Европа Иттифоқи давлатлари Транскаспий халқаро транспорт йўналишига катта эътибор бермоқда. Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари ҳамкасбларига унинг устун жиҳатларини кўрсатиб берди. Мазкур йўлдан фойдаланиш Европа Иттифоқининг «Глобал дарвозалар» стратегиясига тўғри келишини таъкидлади. Томонлар «яшил» энергия бўйича ҳамкорликни давом эттириш, Европанинг Батарея ва хомашё альянслари билан алоқа ўрнатиш, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш ва Қозоғистоннинг 2060 йилга бориб, углерод нейтраллигига эришиш режаси тўғрисида фикр алмашди.
Клемен Грошель, Европарламентнинг Қозоғистон бўйича доимий маърузачиси:
- Шуни таъкидлаш керакки, мен Қозоғистоннинг иқтисодиётни декарбонлаш миллий режасидан ҳайратда қолдим. Бу Қозоғистон Европа Иттифоқидан намуна олаётганини кўрсатади. Бизда ҳамкорлик йўллари кўп, Европа компаниялари учун энергетика ва бошқа соҳаларда инвестиция учун имкониятлар мўл.
Кейинги сафар томонлар 19-«Қозоғистон-Европа Иттифоқи» йиғилишида учрашади. Бу тадбир июнда бўлиб ўтади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.