Келгуси беш йил мобайнида Қозоғистон қишлоқ хўжалик соҳасида 582 лойиҳани рўёбга чиқариш ниятида. Уларнинг умумий қиймати 4 триллион тенгени ташкил қилади. Тегишли соҳа раҳбари Ербўл Қарашўкеев 2025 йилгача агросаноат мажмуасини ривожлантириш масаласида маъулм қилишича, келгуси йилларда республикада меҳнат самарадорлигини 2,5 марта ошириш режалаштирилган. Шу тариқа, мамлакатда 500 минг қозоғистонлик доимий иш ўринлари билан таъминланади. Бу эса бир миллион нафардан зиёд қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини кўтаришга хизмат этади. Вазир таъкидлашича, устувор ҳолатдаги экспорт сиёсати билан бирга импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш масаласи ҳам ҳал этилмоқда. Кўзда тутилган асосий кўрсаткичлардан бири – агросаноат маҳсулоти сифатини ошириш ҳамда хорижга чиқарилаётган мамлакат товардари ҳажмини икки марта кўпайтириш.
Ербўл Қарашўкеев, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири:
- Бугунги кунда 194 инвестициявий лойиҳа мавжуд. Улар қайта ишлашга мўлжалланган, натижада ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва тегишлича экспорт кўпайишига эришиш мумкин. Уларни рўёбга чиқариш оқибатида агросаноат мажмуаси маҳсулотлари ҳажмини 2 марта ошира оламиз. Айни вақтда бу соҳага оида экспорт ҳажмида қайта ишланган маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказишдек муҳим вазифа бажарилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси