100 миллиард доллардан зиёд – «Самруқ-Қазина»
инфратузилма лойиҳалари портфели шунча миқдорни ташкил этди. Унда 130 тадан кўпроқ лойиҳа мавжуд. Бу ҳақда жамғарма
бошқаруви раиси Нурлан Жақупов Astana Finance days форумининг пленар сессиясида
маълум қилди. Унинг айтишича, кенг кўламли лойиҳалар турли соҳаларда амалга
оширилади. Бу - қуввати 5 гигаваттга тенг, жаҳон компаниялари иштирокидаги
тикланувчи энергия манбалари объектлари қурилиши, газни қайта ишлаш мажмуалари
ва магистрал қувур ўтказишни ишга тушириш, Ақтау ва Қуриқ портларини, Хитой
билан чеграда қуруқлик терминалларини ривожлантириш, Каспий орқали сув ости
оптик толали кабели ётқизиш. Умуман, охирги олти йилда фонд 27 миллиард доллардан зиёд чет эл сармоясини жалб қилган. Айтиш керак, «Самруқ-Қазина» SWFI маълумотига кўра,
жаҳондаги йирик мустақил жамғармаларнинг 25 талигидан жой олган.
Нурлан Жақупов, «Самруқ-Қазина» ҲЖ бошқаруви раиси:
- «Самруқ-Қазина»ни
ривожлантириш давлат ва глобал сармоядорлар ҳамкорлигида, миллий устиворликлар
ва халқаро экспертиза бирикувида, ҳозирги вазифалар ва бўлғуси имкониятлар
орқали амалга оширилади. Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига хизмат
қилишга интиламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

