Қозоғистон ва Испания ўртасидаги товар айланмаси жорий йилда 850 миллион долларни ташкил этди. Лекин бу сўнгги марра эмас. Томонлар бир қанча йўналишларда, шу жумладан, туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Икки давлат ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари учрашувида миллий вакцинация сертификатларини ўзаро тан олиш зарурати ҳақида фикр билдирилди. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Испания ўртасида бевосита ҳаво алоқаси ўрнатиш устида иш давом эттирилиши режалаштирилди.
Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири:
- Музокаралар якунига кўра бир нечта ҳужжат имзоланди. Улар қаторида илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида шартнома, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, тараққиёт агентликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар бор.
Испания – Қозоғистоннинг асосий ҳамкорларидан бири. Иқтисодиётнинг пандемиядан кейинги тикланиш суръатлари маҳаллий бизнес-ҳамжамиятда яхши таассурот уйғотди. Қатор йирик испан компаниялари Қозоғистонда ишлаш тажрибасига эга.
Франциско Санчес, компания ижрочи вице-президенти:
- Қозоғистон биз учун жуда муҳим. У дастлабки маҳсулотларимизни жўната бошлаган 2013 йилдан буён стратегик ҳамкоримиз. Ҳозир биз энг яхши юк самолётлари етказиб бериш масаласини кўриб чиқяпмиз. Улар минтақангизда улкан миқёсда талабга эга бўлишига ишончимиз комил.
Хосе Варгас, компания вакили:
- Биз Қозоғистон билан ўзаро ҳамкорликни мунтазам кенгайтириб боряпмиз. 200 дан зиёд мутахассисларимиз Қозоғистонда, қазиб олиш соҳасида ишлаяпти. Биз мамлакатингиз учун муҳим бўлган бу соҳадаги янгиликлар билан боғланганмиз. Қозоғистоннинг саноат ривожланиши бўйича муваффақият қозона олиши аниқ. Имкониятлардан фойдалана олишингизга ишонаман.
Абдумалик Сарманов таржимаси