Чиқинди учун тўлов! Янгиланган экологик кодекс янги қоидаларни жорий этади. Қозоғистонда ҳавони кўзда тутилган меъёрлардан зиёд миқдорда ифлослантираётган автомобиллар учун жарима миқдори оширилади. Гап 10 ойлик ҳисоб кўрсаткичи миқдоридаги тўлов ҳақида кетяпти. Жисмоний шахслар эса бундан ўн марта кўп – салкам уч юз минг тенге тўлайди. Бир йил давомида қоидабузарлик такрорланган тақдирда жарима миқдори икки марта оширилади.
АСЕЛ МУХАМЕТЖАНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭКОЛОГИЯ, ГЕОЛОГИЯ ВА ТАБИИЙ ЗАХИРАЛАР ВАЗИРЛИГИ ҚЎМИТАСИ БОШҚАРМА РАҲБАРИ:
- Бу меъёр ҳали кучга кирганича йўқ, 2021 йил 1 июлдан амалда бўлади. Ҳозирча қоидабузарлик аниқланса, мавжуд қонунчиликка кўра жисмоний шахслар 2 ойлик ҳисоб кўрсаткичи миқдорида жарима тўлайди. Такрорланса – жарима миқдори икки марта ортади.
СТЕНДАП:
- Айнан қандай машиналарда жаримага тортилиш эҳтимоли катталигига келсак – бу борада техникларга мурожаат этиш лозим. Ҳар бир автомобиль режага кўра техник кўрикдан ўтади, шу ерда мутахассислар у ёки бу машина атроф-муҳитни қанчалик ифлослаётганини текширади. Кўп юрган эски машиналарда муаммо кўпроқ бўлади.
Чиқинди миқдори, шунингдек, ишлатилаётган ёнилғи сифатига ҳам боғлиқ. Аслида, буларни техник кўрик диагностика картасини бераётганлар аниқлаши зарур. Бунда ҳамма нарса шаффоф бўлиши жуда муҳим. Чунки зарарли чиқиндилар даражасида машиналарни текшириш у қадар осон иш эмас.
АСЕЛ МУХАМЕТЖАНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭКОЛОГИЯ, ГЕОЛОГИЯ ВА ТАБИИЙ ЗАХИРАЛАР ВАЗИРЛИГИ ҚЎМИТАСИ БОШҚАРМА РАҲБАРИ:
- Бугунги кунда биз фақат режали текширувлар вақтида назорат қиламиз. Йирик корхоналар миқёсида бу тадбир йилига бир марта ўтказилади. Тегишлича, транспорт цехи чиқинди нормативларига мувофиқлиги текширилади. Оддий автомобиллар, уларнинг ҳайдовчилари бу масалага масъулият билан қараши ва техник кўрикдан ўтиши зарур.
Мутахассислар чиқинди бўйича стандартларга риоя этилишини «Автотест», «Мета-01» ва бошқа қурилмалар ёрдамида ўлчайди. Қозоғистонлик автоҳаваскорлар эса бу янгиликларни турлича изоҳлайди. Бировлар шаҳар ҳавоси мусаффо бўлишидан мамнун, бошқалар маблағ етишмаслиги туфайли эски машинани янгисига, барча талабларга жавоб берадиган автомобилга алмаштира олмаслигидан хуноб.
БЛИЦ: 1)
- Жарима белгиланаётгани айни муддао. Бусиз шаҳар ҳавоси тозаланиши даргумон. Одамлар ўйлаб ҳам ўтирмайди. Жарима жорий этилишини тўғри деб ҳисоблайман.
2)
- Биласизми, технологиялар бир жойда турмайди, лекин барибир одамларни ўйлаш керак. Ҳаммада ҳам меъёрларга тўғри келадиган янги машина сотиб олиш учун пул етарли эмас. Менинг машинам евро 4, ҳозир эса олтинчиси чиққан.
Қиммат жарима тўлашни истамайдиган, бироқ севимли автомобилидан воз кечишни истамаганлар учун ечим бор – машинага чиқинди камайтирувчи ускуна ўрнатиш мумкин. Зеро, бу ишни амалга ошириш учун ҳали ярим йиллик муддат бор, қонун жорий йил ёзида – июлда кучга киради.