Янги Қозоғистон тараққиётининг асосий тамойили даромадларнинг адолатли тақсимланиши ва қозоғистонликлар турмуш даражасининг кўтарилиши бўлиши керак. Қосим-Жўмарт Тўқаев Иқтисодий захиралар ноқонуний жамланишига қарши маҳкамалараро комиссия йиғилишида шундай баёнот берди. Эслатамиз, комиссия Давлат раҳбари фармонига кўра тузилган эди. У мамлакатдан олиб чиқиб кетилган маблағларни қайтариш билан шуғулланади. Президент таъкидлашича, капитал қайтиб келиши учун вақт ва барча ҳуқуқий жараёнларни амалга ошириш зарур. Прокуратура назорат органи сифатида бу ишни бажариши керак. Қосим-Жўмарт Тўқаев асосий мақсад судга юборилган жиноий ишлар сони билан эмас, мамлакат иқтисодиётининг амалда соғломлаштирилиши эканлигини яна бир марта тилга олди. Жараённи Президент девони назорат қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.