Самарқандда туркийлар дунёси тарихчилар тўпланди

Илдизлари туташиб кетган туркийлар дунёси янгиланишнинг навбатдаги босқичига ўтди. Бунда Буюк Дашт мамлакатидаги аждодлар мероси катта аҳамиятга эга. Эндиликда умумий қадриятларни замонамизга мос шаклда ривожлантириб боришимиз зарур. Бир мақсадни кўзлаб, тарихни ўрганаётган жигарларимиз Ўзбекистонда тўпланиб, фикр алмашишяпти, ташаббусларини тақдим этишяпти. Йиғилишга 35 давлатдан 300 нафардан зиёд зиёли тўпланган. 

Ўзбек қардошларимизнинг «Буюк боболар мероси – учинчи ренессанс даври асоси» деган шиори остида туркийлар бош қўшди. 

Султан Раев, ТУРКСЎЙ раиси:

– Азалий қардош бўлган туркий халқларнинг ренессанси аввало дўстлигимиз, қардошлигимиз, маданиятимиз ва динимиздан бошланади.  Бу йўналишларда интеграцияга эришмасак, янгидан ривожлана олмаймиз. Шунинг учун Президентларнинг мазкур йўналишдаги қарорлари айни вақтида қабул қилинган ва ўта зарур, деб ҳисоблайман. Астанада бўлиб ўтган Туркий давлатлар саммитида Президент Тўқаев турклар даври келганини тилга олди. Бу шунчаки сўз эмас. Чунки ҳозир туркийлар дунёси илм сари кетяпти. 

Тошкент ва Самарқандга келган олимларнинг ҳар бири халқаро конгресс минбаридан туриб чуқур тадқиқотлари ва лойиҳалари ҳақида маълумот берди.  Қозоқ олимлари ҳам минг йиллик топилмалар устида амалга оширилган ишлар ҳақида гапиришди. Ҳамкорлик йўналишларини таклиф этишди.      

Гулшат Абикова, Қозоғистон Республикаси Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази раҳбари:

– Миллий кутубхонанинг ноёб китоблар жамғармасида Алишер Навоий асарларининг ўрта асрларга оид ўнга яқин кўчирмаси бор. Шу билан бирга, Санкт-Петербург, Қозон, Тошкент босмахоналарида чоп этилган китобларнинг 20 тача литография нусхалари сақланган. Қозоғистон кутубхоналарида сақланиб келаётган Алишер Навоий асарлари қўлёзмалари Россия, Ўзбекистон олимлари томонидан тайёрланган каталогларга кирмаган экан. Уларнинг ўзига хослиги шунда. 

Жомарт Женис, Ч. Валиханов номли тарих ва этнология институти директори ўринбосари:

– Институмизда бирор марта бошқа тилларга таржима қилинмаган, форсий тилидаги қўлёзмалар, Марказий Осиё халқларига оид архив материаллари бор. Марказий Осиёда бундан ташқари кўплаб муқаддас саждагоҳлар, дин ва меъморчилик тарихи билан боғлиқ ёдгорликлар бор. Улар ҳақида ҳам маълумотлар сақлаб қолинган. Реставрация ишлари биргаликда амалга оширишимиз мумкин. 

Конгресс доирасида туркий дунёнинг маданий ва маънавий меросини қайта ривожлантириш билан боғлиқ 35 та меморандум имзоланди. 150 тага яқин қўшма лойиҳалар қабул қилинди. Уларни рўёбга чиқаришда дунёнинг минг нафарга яқин олими жалб этилади.  

Абдумалик Сарманов таржимаси.