Хитойда Қозоғистон маданий маркази очилади

Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқалар кенгайиб боради. Астана ва Пекинда икки томон ўз маданият марказларини очишга қарор қилган. Парламент Мажилиси тегишли қарорни маъқуллади. Бунинг учун Осмон ости мамлакати пойтахтидаги 700 квадрат метр майдонга эга бинони ишлатиш мўлжалланмоқда. Унинг ҳудудида Қозоғистон кинолари ва концертлар қўйиладиган зал ҳамда таълим курслари, ижодий учрашувлар учун мўлжалланган замонавий коворкинг маркази жойлашади. Миллий кўргазмалар учун қулай мультимедия майдончаси барпо этилади. Мамлакат туристик салоҳиятини тақдим этувчи махсус бурчак жиҳозланади. 

Аида Балаева, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири:

– Қозоғистоннинг Хитойдаги маданий маркази тарихимизда илк марта миллий қадриятларимизни Осмон ости мамлакатида кенг тарғиб этиш, икки давлат ўртасида маънавий алоқаларни янги даражага кўтариш, халқаро маданий-гуманитар лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун мўлжалланган йирик масканлардан бирига айланиши кутиляпти. Шу кунларда вазирлик марказнинг низомини тайёрлаяпти. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.