Астанада янги кўргазма очилди

Астанада янги кўргазма очилди

«Анъаналарга бой умр». Қозоғистонлик машҳур рассом Яссауи Агитаевнинг 70 та асарини Қозоғистон Миллий музейида томоша қилиш мумкин. Бу даргоҳда очилган шахсий кўргазмада ижодкорнинг анъанавий маданият ва қозоқ халқ анъаналарига боғлиқ асарлари ўрин олган. Ҳар бир картинада мўйқалам устасининг дастхати сезилади. Ҳар бир полотно мухлислар учун халқ ҳаётининг янги саҳифасини очади, Буюк дашт табиати ва кўчманчи халқнинг бой маънавиятидан ҳикоя қилади. Яссауи Агитаев асарларида сирға салу, беташар, тусау кесу, қуда тусу, шашу, қиз узату, бесик салу каби урф-одатлар ҳам ўрин олган. Мусаввир картиналари ёрқин бўёқлари билан ажралиб туради. Муаллиф таъкидлашича, шу тариқа полотно байрамона кайфият ҳамда номадларга тегишли кўп асрлик маданиятнинг ўзига хослигини кўрсатиб беради. Пойтахт аҳли ва меҳмонлари Яссауи Агитаев кўргазмасини август ойи охиригача томоша қилиши мумкин.

Яссауи Агитаев , Қозоғистон Республикаси рассомлар уюшмаси аъзоси:

- 2019 йилда 60 кун Кипрда ишладим, картиналар чиздим. Шахсий кўргазмамни тақдим этдим. Хорижда эканлигимда Астанада, Қозоғистон пойтахтида ҳам кўргазма ўтказиш фикри туғилди. Сўнгра мазкур тадбирга ҳозирлик кўрдим. Ишларимни диққат билан сараладим, ўзим ишлаётган жанр – миллий анъаналарга оид барча мавзуларни очиб беришга интилдим. Қишлоқ ҳаётини ҳам, шаҳар ҳаётини ҳам тасвирладим. Картиналаримни бирлаштирувчи жиҳат шундаки, уларнинг барчасида қозоқ халқининг ҳаёти ва турмуши акс этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси