Бугун бўлиб ўтган тадбиркорлар, давлат органлари ва квазидавлат сектори вакиллари йиғилишида Бош вазир Алихан Смаилов таъкидлашича, Қозоғистон бизнеси рақобатбардош маҳсулот чиқаришга қодир. Давлат ўз навбатида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўради. Шу жумладан, ҳозир янги солиқ кодекси устида иш бошланган. Унда давлат тўловлари юкини камайтириш ҳамда бошқарувни соддалаштириш кўзда тутилган. Тадбиркорлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишда тоза саҳифадан иш кўрилади. Яъни, илк қадамда бизнесга қўйилган 10 мингдан зиёд талаб олиб ташланади. Келгуси йилдан текширувлар сони кескин камайтирилади, тегишли графиклар автоматлашган тизимлар воситасида тузилади. Шунингдек, давлат-хусусий ҳамкорлик янги модель асосида амалга оширилади. Маҳаллий даражада тадбиркорларга ёрдам кўрсатилади. Масалан, ҳокимликлар бизнесга ер участкалари ажратилишига бор имкониятлари доирасида кўмак кўрсатади, уларга тегишли инфратузилмалар келтиради.
ЕРИК АХМЕТ, КОРХОНА ДИРЕКТОРИ:
– Биз маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ўз фикрларимизни етказиб бердик. Мазкур йиғилиш давлат ёрдами кўрсатиш, давлат томонидан туртки бериш, молиялаш, шу жумладан, мамлакат корхоналарини узоқ муддатли лойиҳаларга жалб этиш бўйича давлат ёрдами ажратилишига ижобий таъсирини кўрсатади. Муаммоларимизни тилга олдик, лўнда жавоблар берилди. Ўрта бизнес ва давлат девони, ҳукумат ўртасида олиб бориладиган ишлар бўйича янги таклифларни кутяпмиз. Маҳаллий товарларни хорижий бозорларга чиқариш бўйича ёрдам беришларини илтимос қилдик. Бизда улкан экспорт салоҳияти мавжуд.