Енгил саноатдан
тиббиёт ва рақамли ечимларгача. Хитойнинг Цзянсу провинцияси Астанада
ўтказилаётган EXPO Coods Central Asia
форум-кўргазмасида энг йирик савдо павильонини тақдим этди. Бу минтақа Осмон
ости мамлакатининг иқтисодий жиҳатлан энг яхши ривожланган, илмий-техник ва
саноат инновациялари тиғиз интеграцияланган ҳудудларидан ҳисобланади. Компаниялар
ўз ютуқларини намойиш қиляпти. Кўргазмада Покистон, Ўзбекистон,
Россия, Беларусь, Қозоғистон, Эрон, Латвия ва Эстониянинг 150 дан зиёд маркаси ўз маҳсулотини келтирган. Майдонча шунчаки товарлар
пештахтаси эмас, мулоқот, инвестиция, узоқ муддатли шартномалар ва
бизнес-ҳамкорликни кенгайтириш майдончасига айланди.
Хань
Чуньлинь, Хитой халқ Республикасининг Қозоғистондаги
фавқулодда ва мухтор элчиси:
- 2024 йилда
Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 94,8 миллиард
долларни ташкил қилди, бу эса 2023 йил кўрсаткичларидан 5,4 миллиард долларга
кўп. Хитой компаниялари Марказий Осиёга етказиб бераётган товарларини
аста-секин диверсификациялаяпти. Энергетика, инфратузилма ва бошқа соҳаларга
киритилаётган сармоя ошиб боряпти, айни вақтда қишлоқ хўжалиги, саноат, юқори
технологиялар ва бошқа сохаларда ҳамкорлик имкониятлари ўрганиляпти.
Иштирокчилар
таъкидлашича, Марказий Осиё янги иқтисодий интеграция жараёнларига тайёр.
Қозоғистон эса минтақадаги барқарор савдо маркази сифатида кооперация
форматлари учун янги ўсиш нуқтасига айланди. Замонавий глобал чорловлар даврида
минтақа давлатлари ўзаро фойдали ҳамкорликка асосланган янада тиғиз алоқалар
ўрнатишга ҳаракат қиляпти.
Арман
Шаққалиев, Қозоғистон
Республикаси Савдо ва интеграция вазири:
- 2024 йилда Қозоғистоннинг Марказий Осиё
давлатлари билан ўзаро товар айланмаси 7,6 миллиард долларни ташкил қилди. Айни
вақтда, юқори қўшимча қиймат берувчи нохомашё маҳсулотлар улуши ортди. Бу эса
минтақанинг нисбатан барқарор, диверсификацияланган иқтисодга ўтаётганини
кўрсатади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

