Экспозиция туфайли руний битик, қадимий туркий, араб ва лотин ёзувларига асосланган қозоқ ёзувлари тарихини кузатиш мумкин. Нодир нусхалар орасида Абилайхоннинг Маньчжурия императорига ёзилган мактуби ҳам бор. 1760 йилда битилган. Ноёб артефактлар Астанадан келтирилган. Баъзи тарихий ҳужжатлар хорижда сақланади. Мутахассислар фикрича, қадимий ёзувларни ўрганиш тарихнинг янги саҳифаларини очади.
Рустембек Қалимқулов, Павлодар музейи ўлка тарихини илмий-тадқиқотлар билан таъминлаш бўлими раҳбари:
– Кўргазмамизда 13-асрга оид ҳужжатлар ҳам бор. Уларда «қозоқ» атамаси учрайди. «Қозоқ» сўзи қорахонийлар давлати даврида ҳам истеъмолда бўлган. Таъкидлаш лозимки, қозоқ хонлиги бир мунча кейинроқ ташкил топган.
Китоблар диний эътиқодлар, ҳукмдорлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади, ичида расмий ҳужжатлар ҳам, муҳаббат мактублари ҳам бор. Яна бир ноёб асар: суратлар билан безатилган Чингизхон ва унинг авлодлари шажараси. Кўргазмада ўрта асрларга оид экспонатлар ҳам кўп. Хусусан, уларда Қосимхоннинг 1200 нафар лашкарбошиси исми келтирилган. Таъкидлаш керакки, олимлар қадимий битикларни излашда давом этмоқда.
Адил-Али Жабиқбай, қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази мутахассиси:
– Бу артефактларни келтиришимиздан мақсад – тарихга, ўтмишга қизиқишни кучайтириш. Қадимий ҳужжатларда ғаройиб ва муҳим фактлар акс этган. Замонавий технологиялар, полиграфия туфайли бебаҳо қўлёзмалар, ноёб китоблар нусхаларини тақдим этиш имконига эгамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси