Россияда Қозоқлар қурултойи ўтказилди

Россияда Қозоқлар қурултойи ўтказилди. Унда Тюмень вилоятининг 11 та туманида яшовчи етти минг нафардан зиёд этник қозоқ қатнашди. Ўрнатилган ўтовларда маҳаллий диаспора вакиллари миллий таомлар – бўғирсоқ ва қимиз тақдим этишди, анъанавий либосларни намойиш қилишди, меҳмонларни кўчманчи халқнинг қадимий урф-одатлари ва анъаналари, машҳур ўйинлари билан таништиришди. Таъкидлаш лозимки, анжуман ташкил қилинган Тюмень шаҳрида бугунги кунда кўп сонли, жами 20 минг нафардан зиёд этник қозоқлар истиқомат қилади.


Есенғали Ибираев, Миллий-маданий автономия раиси:


- Тюмень вилоятида қозоқлар қурултойини ўтказиш одат тусига кирган, биз ҳар йили шундай анжуман ташкил қиламиз. Иштирокчилар географияси кенгайиб боряпти, локация ўзгаряпти. Лекин байрамнинг мазмундорлиги сақланиб қоляпти. Энг муҳими — кўп миллатли халқнинг ҳамжиҳатлиги, дўстлиги. Қурултой — кўп миллатли Тюмень вилояти аҳолиси учун катта байрамга айланган. Анжуман меҳмонлари ва иштирокчилари ўз маданияти, анъаналари, урф-одатлари ҳақида ҳикоя қилади, қўшнилар, танишлар, дўстлар маданияти билан танишади.


Эслатамиз, ўтган йили Тюмень вилоятида биринчи марта Бутунроссия қозоқлар қурултойи ўтказилган эди. Унда қўшни давлатнинг 18 минтақасидан 17 минг нафар фуқаро қатнашди.


Абдумалик Сарманов таржимаси