Республика куни Берлинда нишонланди

Республика куни Берлинда нишонланди

Республика куни Берлинда ҳам байрам қилинди. Шу муносабат билан ташкил этилган расмий қабул давомида Германия ТИВ вакили Маттиас Люттенберг қозоғистонликларни миллий байрам билан қутлади. У таъкидлаганидек, мамлакатимиз Германия учун ишончли шерик, минтақадаги барқарорлик лангари бўлган ва шундай бўлиб қолади. Оқшомда байрам концерти намойиш этилди. Меҳмонлар жаҳон классикаси, шунингдек, қозоқ халқ композицияларини тинглади.

Доротея Халлер-Ляйбле, фахрий консул:

- Концерт жуда ҳайратомуз бўлди. Менга Ержан куйлаган қозоқча қўшиқ ёқди. Қолаверса, най ва қўбиз жўровозлигида ижро этилган ажойиб асардан завқ олдим. Барча қозоғистонликларни миллий байрами билан табриклайман. Тинчлик-фаровонлик тилайман.

Герхард Шрёдер, ГФР собиқ канцлери:

- Республика куни ва мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган қабулда иштирок этганимдан мамнунман. Қозоғистон тинчликпарвар ташаббуслари билан танилган, булар бугунги кунда муҳим. Юртингиз нафақат динлараро, балки этнослараро ҳам ришталарни мустаҳкамлайди. Бу эса ер юзида тинчлик ва барқарорлик устувор бўлишига ҳисса қўшади.

Бундан ташқари, оқшомда Қозоғистон ва Германия ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳам нишонланди. Юртимизнинг ГФРдаги элчиси Нурлан Ўнжанов айтиб ўтганидек, икки тарафлама муносабатлар жадал ривож топмоқда. 2022 йилнинг етти ойи давомида икки томонлама товар айланмаси 73 фоизга ошган ва 5 миллиард еврога етган.

Маттиас Люттенберг, ГФР тивнинг шарқий европа, жанубий кавказ ва марказий осиё бўйича ваколатли вакили:

- Германия ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар жадал ўсмоқда. Қозоғистон биз учун муҳим иқтисодий шерик. Тобора кўпроқ тадбиркорлар юртингизни инвестиция киритиш учун манфаатли давлат сифатида кўряпти. Маълумки, муносабатларимиз салоҳияти бу билан чекланмайди. Қозоғистон-Германия дўстлигига 30 йил тўлди, алоқаларимиз келгусида ҳам равнақ топишини тилайман.

Хуршида Абдуллаева таржимаси