5 июнь куни хорижда 65 сайлов участкаси очилади. Шулардан учтаси Туркияда - Анқара, Истамбул ва Анталияда иш бошлайди. Ушбу мамлакатдаги қозоғистонликлар Конституцияга ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш бўйича умуммиллий референдумда қатнашиш имконига эга бўлади. Улар қаторида талабалар, дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, туристлар бор. Таъкидлаш лозимки, сайлов участкалари мамлакатимиз консулликлари қошида иш юритади. Соғлиги туфайли участкага келолмайдиганлар учун кўчма сайлов қутиси кўзда тутилган.
Асан Мажитов, № 286 участка сайлов комиссияси раиси ўринбосари:
- Овоз бериши учун Қозоғистон фуқароси шахсий гувоҳномани кўрсатиши керак. Анталия ва Истамбулдаги Бош консулликларимиз, шунингдек, элчихона консулликда рўйхатдан ўтган барча фуқароларга тегишли маълумотларни бериб боради. Айни вақтда, рўйхатларга киритиши учун Қозоғистон фуқаролари имкон қадар эртароқ сайлов участкасига мурожаат этиши зарурлигини таъкидлашни истардим.
Тлек Махамбетжан, талаба:
- Референдум мамлакат учун жуда муҳим. Қозоғистон Республикаси фуқароси сифатида ўз фикримни билдиришим лозим, деб ҳисоблайман. 5 июнь куни дўстларим билан референдумда албатта қатнашаман, овоз бераман. Ватандошларимизни ҳам овоз беришга чақираман.
Брюсселда ҳам референдумга тайёргарлик давом этяпти. Қироллик ҳудудида муқим ёки вақтинча яшаётган юртдошларимиз Қозоғистоннинг Бельгиядаги элчихонаси биносида овоз бериши мумкин. Жараён маҳаллий вақт билан тонгги 7 дан кечки 20.00 гача давом этади.
Тимур Султангожин, Брюсселель шаҳридаги участка сайлов комиссияси раиси:
- Биз Бельгияда консуллик рўйхатига қўйилган 200 нафар атрофида қозоғистонлик референдумда овоз беришини кутяпмиз. Шунингдек, бу тадбирда хизмат сафари ёки туристик мақсадларда келган юртдошларимиз ҳам қатнаша олади. Сайловчилар рўйхатига ўз вақтида киритишлари учун консуллик бўлими билан имкон қадар тезроқ боғланиш зарур. Биз бўлажак референдум ҳақида Facebookдаги саҳифамиз, интернет-порталимиз, шунингдек, СМС-хабарлар орқали маълумот тарқатяпмиз. Давлат раҳбари таклиф этган сиёсий ислоҳотлар Конституцияга ўзгаришлар киритишига олиб келишини ҳисобга олган ҳолда, кўпчилик ушбу муҳим тадбирда қатнашишини кутяпмиз.