4 июнь – Давлат рамзлари куни. Бундан 31 йил илгари айни шу санада Қозоғистоннинг давлат рамзлари қабул қилинган. Янги мустақил давлатнинг рамзига айланган белгилар тарихи ўзига хос. Ҳар бир нақш ўзига хос маъносига эга. Буюк Дашт авлодларининг бой маданий мероси, шажараси ва миллий қадриятларини ифодалайди. Тарихчилар фикрича, давлат рамзларининг негизи бундан беш минг йил аввалги даврга бориб тақалади. Илдизи қадимги саклар, хуннлар давридан келиб чиққан ушбу кўҳна белгилар ҳозирги кунда халқимиз бирлигини бутун жаҳонга намойиш этиб келмоқда.
Қаржаубай Сартқўжаули, филология фанлари доктори, тарихчи:
- Қадим замонлардан бери ҳар қандай мамлакатнинг, тахт эгаси бўлган хоннинг тўққиз турдаги асл мероси бўлган. Ана шу асл мероснинг биттаси давлат рамзларидир. Хунн давридан бошлаб, бизнинг дастлабки рамзимиз қуёш ва ой бўлган. Бу фақат битта жойдангина топилмаган. Қозоғистоннинг ҳозирги Миллий рамзларида ўша элементлар сақланиб қолганини кўриш мумкин. Герб ва байроқдаги қуш тасвири ойга ўхшатиб чизилган. Чанғароқ шакли эса қуёшни эслатади.
Миллий бойлигимизга айланган давлат рамзларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бағишланган тадбирлар республика ватанпарварлар форумидан бошланди. Юртпарвар инсонлар қатнашган тантанали йиғилишда Қозоғистон тараққиётига сезиларли ҳисса қўшиб келаётган фаол юртдошларимизга махсус мукофотлар топширилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси