Қишлоқни модернизациялаш учун 1,3 триллион тенге йўналтирилади

Қишлоқни модернизациялаш учун 1,3 триллион тенге йўналтирилади

Қозоғистонда келгуси 4 йил давомида «Овул - эл бешиги» дастурини молиялаштириш 800 миллиард тенгега етказилади. Барча миллий лойиҳаларни ҳисобга олганда, қишлоқларни модернизациялаш учун 1,3 триллион тенге ажратилиши режалаштирилган. Ҳукумат йиғилишида Бош вазир Асқар Мамин маълум қилишича, дастур ривожланиш салоҳиятига эга 3,5 минг қишлоқни қамраб олади. Натижада, 7 миллион фуқаро, қишлоқ аҳолисининг 90 фоизи турмуш даражасини яхшилайди. Йўналтирилган маблағ қишлоқларни обод қилади. Минтақаларда янги ижтимоий объектлар ва таълим даргоҳлари қурилади. Натижада, 3-6 ёшдаги болаларнинг ҳаммаси тўлиқ мактабгача таълим олиш имкониятига эришади. Аҳоли пунктларига юқори тезликдаги интернет тармоқлари тортилади. Бундан ташқари, 24 миллион квадрат метр уй-жой қурилади. Йўлларнинг 95 фоизи яхшиланади. Мутахассислар етишмаслиги муаммоси ҳал этилади.

Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

- 2025 йилга бориб қишлоқлар ҳудудида сув таъминоти 100 фоиз ҳал қилинади, қишлоқлар ичидаги йўллардан 10 минг километри яхшиланади, 12 минг километр муҳандислик тармоқлари, 1,1 минг соғлиқни сақлаш объекти, 1,7 минг спорт, 1,5 минг маданият объекти қурилади ва таъмирланади. Беш минг қишлоқ мактаби модернизация қилинади. Меҳнат самарадорлиги 2,5 марта ортади, яна 500 минг иш ўрни яратилади, бир миллион нафар қишлоқ аҳли даромадини оширади. "Овул - Эл бешиги" лойиҳаси тадбирлари туфайли қишлоқ аҳолиси яшаш сифати анча ошади, қишлоқ ҳудудлари ривожланишига туртки берилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси