Референдумда 12 миллион қозоғистонлик қатнашади

АЭС қурилиши бўйича Қозоғистонда ўтказиладиган республика референдумида 12 миллион 244 минг 683 нафар фуқаро овоз бера олади. 6 октябрь куни мамлакатда 10 мингта участка ишлаши кутиляпти. Қозоғистонликлар ўз участкасини махсус онлайн-сервислар ва контакт-марказлари, шунингдек, санаси, вақти, жойи, овоз бериш тартиби ва зарур ҳаволалар киритилган QR-код чоп этилган таклифномалар орқали аниқлаб олиши мумкин. Марказий Сайлов комиссиясида маълум қилишларича, референдум жараёнини хорижликлар ҳам кузатиб боради. Ҳозирча битта халқаро ташкилот ва бешта хорижий давлатдан 13 нафар кузатувчи рўйхатдан ўтди. Шу жумладан, АҚШ, Туркия, Озарбайжон, Молдова ва Арменистон вакиллари бор. Аккредитация учун аризалар қабул қилиняпти, рўйхатлар янгиланиши кутиляпти. Шунингдек, бюллетень шакли тасдиқланди. Унда қозоғистонликларга «ҳа, розиман» ёки «йўқ, норозиман» жавоб вариантлари бор бўлган битта савол берилади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.