Бош вазир – Анқарада

Бош вазир – Анқарада

Анқарада бўлиб ўтган бизнес-форумда Қозоғистон ва Туркия ўртасида 180 миллион доллар қийматга эга 10 та шартнома имзоланди. Улар тайёр маҳсулотлар экспорти, логистика хаби ҳамда бир қатор заводлар қурилишига доир. Тадбирда Қозоғистон бош вазири иштирок этди. Ташриф давомида Ўлжас Бектенов Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди, мамлакат вице-президенти билан музокаралар ўтказди, шунингдек, йирик турк холдинглари ва компаниялари билан сармоявий ҳамкорликни муҳокама қилди. Қозоғистон ҳукумати раҳбари таъкидлагани каби, бугунги кунда донни чуқур қайта ишлаш, кўмир кимёси, нефть-газ саноати ва бошқа лойиҳалар қўшма фаолият диққат марказида турган бўлиб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга имкон беради. Бизнес вакилларига мурожаат қилар экан, Бош вазир Ҳукумат мамлакат учун муҳим бўлган лойиҳаларни амалга оширишда кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири: 

- Мамлакатимизнинг сармоявий салоҳияти жуда улкан, биз Туркия билан келгусида ҳам ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз. Қозоғистон илғор технологияларни трансфер қилиш,  ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва юқори сифатли юксак қийматли маҳсулотлар олиш учун чуқур қайта ишлаш кластерларини яратишни мақсад қилган. Мазкур йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган инвесторларга зарур захиралар, инратузилма ва кўмак тақдим этилади.

Ҳусейн Акин, «AKPLAS» компанияси бош директори:

- Биз Қозоғистонда замонавий ирригация тизимлари ишлаб чиқаришни режа қилганмиз. Қизил Ўрда вилоят ҳокимлиги билан тегишли келишувни имзоладик. Лойиҳа Қозоғистонда ва Марказий Осиёда йирик заводга айланади. Қозоғистонга суғориш соҳасидаги янги технологияларни олиб киришни ўйлаганмиз. Гап фақат ускуналарни ўрнатиш ҳақида эмас, биз юртингизда ушбу маҳсулот ишлаб чиқарилишининг тўлиқ циклини йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.