Референдум куни пойтахтда 464 та участка очилади

Референдум куни пойтахтда 464 та участка очилади

Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича республика референдумига тайёргарлик фаол давом этяпти. Эслатамиз, унда 12 миллион нафардан зиёд фуқаро овоз бера олади. 10 мингтадан зиёд участка очилади. Пойтахтда эса 6 октябрь куни 464 та участка ишлаб туради. Улар тонгги 7 да очилади ва кечки 8 да ёпилади. Шундан кейин участка референдум комиссиялари овозларни санашга киришади. Бюллетенда давлат тили ва рус тилида битта савол ҳамда иккита жавоб битилган бўлади. Савол: «Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?». Жавоб вариантлари: «Ҳа, розиман» ёки «Йўқ, рози эмасман». Мабодо сайловда овоз бериш учун рўйхатга олинган фуқароларнинг ярмидан кўпи овоз берса, Референдум ўтказилган, деб ҳисобланади.  

Бейсембай Жумабеков, Астана шаҳри ҳудудий референдум комиссияси раиси:

– Ҳар бир фуқаро берилган савол бўйича тарафдор ёки қарши эканлиги бўйича фикрини аниқ айтиши керак. Овоз бериш жараёни бошланишидан аввал кузатувчилар ўринларга жойлаштирилади, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади. Сўнгра жараён бўйича протоколь тузилади, сайлов қутилари муҳрланади. Овоз бериш кабиналарида фуқаролар учун барча шароит яратилганлиги намойиш этилади.

Таъкидлаш лозимки, референдумда овоз беришнинг оддий сайловдан фарқи шундаки, унда ҳеч ким сайланмайди. Фуқаролар давлат аҳамиятига эга маълум савол юзасидан фикр билдиради. Овоз бериш куни жараённи кузатувчилар назорат қилади. Шу кунгача 18 та ташкилот Марказий сайлов комиссияда аккредитациядан ўтди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.