Рақамли ҳужжатлар қоғоз шаклидагилари билан тенг кучга эга бўлади

Рақамли ҳужжатлар қоғоз шаклидагилари билан тенг кучга эга бўлади

Қозоғистонда рақамли ҳужжатларнинг қоғоздагилари билан тенг қувватга эгалиги қонунан белгиланади. Инновацияларни рағбатлантириш, рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлигига оид қонунчиликка ўзгаришлар киритиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси Парламент Мажилисида биринчи ўқишда тасдиқланди. Қонун лойиҳасини тегишли вазирлик раҳбари Бағдат Мусин тақдим этди. Унинг маълум қилишича, туғилганлик, никоҳ расмийлаштирилгани ва бекор қилингани тўғрисидаги гувоҳномалар ҳам электрон форматга кўчади. Қозоғистонликлар уларнинг QR-код киритилган электрон версиясини тақдим эта олади. Ҳужжат нусхаси йўқолган тақдирда дубликатини олиш шарт эмас. Лекин ҳужжат фотографияси ҳеч қандай кучга эга бўлмайди, деди вазир.

Бағдат Мусин, Қозоғистон Республикаси рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири:

- Рақамли ҳужжат – текшириб кўриш имконияти мавжуд бўлган ҳужжат ҳисобланади. Оммалашган иловаларга ёки егов мобайлга кирсангиз, унда рақамли ҳужжатни очиб кўриш механизми бор. «Улашиш» ёки «текшириш» тугмачасини боссангиз QR-код очилади. Бошқа одам рақамли ҳужжатнинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлса ўзи кўчириб олган егов мобайл  орқали QR-кодни ўқитиши етарли. Бу иш барча фуқаролар учун бепул амалга оширилади. Қандайдир қўшимча механизм шарт эмас. 

Ҳужжат лойиҳаси давлат бошқарувини ҳам рақамли трансформациялашни талаб қилади. Вазир таъкидлашича, рақамли сервис ва хизматлар фуқаро қаерда яшашидан қатъи назар, барча қозоғистонликлар имконияти доирасида бўлиши зарур. Қонун лойиҳасига кўра, қишлоқларда рақамли давлат хизматларидан фойдаланиш нуқталари очилиши кўзда тутилган. Улар почта операторининг мавжуд икки мингдан зиёд қишлоқ бўлимларида очилади. Мазкур нуқталар ёрдамида аҳоли давлат органларига электрон аризаларини юбора олади.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.