КарЛаг тарихига саёҳат

КарЛаг тарихига саёҳат

Сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган КарЛаг музейи бугунги кунда Қарағанди вилоятининг диққатга сазовор жойлари қаторидан ўрин олган.  Ҳар йили бу жойга уч мингдан зиёд хорижлик турист келади. Ташриф буюрганлар орасида қачонлардир ушбу лагерга тушиб қолган яқинларининг тақдирини аниқлашдан умидвор бўлганлар ҳам анчагина. Вақтида жазо лагери ҳудуди 2 миллион гектардан кўпроқ бўлган. Ҳозир 170 квадрат метр майдонни эгаллаган музейда 26 та экспозиция зали бор. Ҳар биридаги инсталляция ва экспонатлар Совет тузуми даврида қатағон қилинган юз минглаб фуқароларнинг қисматидан ҳикоя қилади.

ҚАРАКЎЗ МАЖИТОВА, МУЗЕЙ ГИДИ:

- Ҳар бир камерага кираркансиз, ўша даврларнинг нафасини сезасиз. Масалан, лазарет, терговчи кабинети, эркаклар ва аёллар, ҳатто болалар хонаси  мавжуд. Бу заллар орқали ўтган, у даврлар тарихи билан танишган одамларнинг кўзларида ёш қалққанини кўрасиз.

Бу ерда бефарқ юришнинг иложи йўқ. Музейдаги ҳар бир деталь қамоққа олинганларнинг оғир тақдиридан ҳикоя қилади. жихоз, лампалар, саноқли идиш-товоқлар, эшиклар, сарғайиб кетган мактублар, қийнашга мўлжалланган қуроллар. Уларнинг барчаси мусибатли йилларнинг тилсиз гувоҳлари бўлган. Мум ҳайкаллар юзида даҳшат муҳрланиб қолган... Музей экспонатлари жазо лагери маҳбусларининг изтиробларини аниқ кўрсатиб беради. Тарихнинг мудҳиш саҳифаларини очади. Аммо, КарЛАГнинг барча архивлари ўрганилганича йўқ. 

ЖЕНИС ЕРМУҚАНОВ, МУХБИР:

- Бугунги кунда маълум бўлишича, КарЛагда камида 1,5 миллион одам жазо муддатини ўтаган. Уларнинг бир миллиондан зиёди қамоқларда бўлган. 25 минг нафари отиб ташланган. Лекин тадқиқотчилар фикрича, қурбонлар сони янада кўпроқ эди.

Абдумалик Сарманов таржимаси