Рақамли майдонча кенгайтирилади

Рақамли майдонча кенгайтирилади

Қозоғистонда замин ости бойликларидан фойдаланувчилар учун яратилган рақамли майдончада янги имкониятлар очилди. Унга кўра, бирламчи геологик ҳисоботларни амалга ошириш мумкин. Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин Ҳукумат йиғилишида маълум қилишича, июнь ойида ишга тушган майдончада бир ярим минг фойдаланувчи бор. Бу электрон майдонча орқали ер ости бойликларини разведка қилиш ва улардан фойдаланишга доир уч юздан зиёд ариза тушган. Ундаги қатор жараёнлар, шу жумладан, ҳисобот топшириш, лицензия олиш ишлари автоматлашган. Бунинг учун давлат органлари ахборот тизимлари билан биргаликда иш олиб борилди. Вазирликда таъкидлашларича, келажакда портал орқали банк тўловларини ўтказиш ва ҳатто аукцион савдо ташкил қилиш имконияти яратилади. Натижада, тадбиркорлар ҳам, инвесторлар ҳам ортиқча бюрократиядан халос бўлади.

Бағдат Мусин, ҚР Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:

- Давқлат раҳбарининг топшириғига кўра, жорий йилнинг июнь ойида «minerals.gov.kz» майдончасини ишга туширдик. Майдонча ер ости бойликларини ўзлаштиришдан манфаатдор инвесторлар ва бизнес учун қулай шароитлар яратади. Ҳозир геологик жиҳатдан ўрганилган ҳудудлар ва амалдаги шартномалар тизимга киритилган. 58 минг 620 контур рақамлаштирилган. Шу билан бирга 39 минг ҳисобот харитага боғланган ҳолда тайёрланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.