Тадбиркорларга ёрдам берилади

Тадбиркорларга ёрдам берилади

Ғояни бизнесга айлантириш осон! Нур-султонлик бошловчи тадбиркор Алия Тўқтанаева бу фикр тўғрилигига ишонч ҳосил қилди. Икки йил аввал у 5 миллион тенге ҳажмида давлат грантини олганди. Бу маблағ эвазига ускуналар сотиб олди, ривожлантирувчи болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарувчи кичик корхона ташкил этди.

Алия Тўқтанаева, тадбиркор:

– Биз фрезер, лазер ва ғўла йўнувчи дастгоҳлар харид қилдик. Умуман олганда, бизнинг ўйинчоқлар моторикани, қунт ва тоқатни, икки яримшарнинг уйғунликда ишлашини ривожлантиради. Буюмларимиз экологик тоза,  таркибида зарарли моддалар бўлмаган акрил бўёқдан фойдаланамиз. У болалар учун безарар.  

Бундай ўйинлар билан мунтазам шуғулланиш қўл моторикасини ривожлантиради, хотирани яхшилайди, эътибор ва қунтни тарбиялайди. Бундай тренажёрлар гиперфаол болалар ва алоҳида эътибор талаб қиладиган кичкинтойларга керак. Лойиҳа асосчилари бу маҳсулотларни хусусий буюртмаларга кўра тайёрлаб беради. Шунингдек, болалар таълим даргоҳлари, реабилитация марказларига етказиб берилади. Таъкидлаш лозимки, бизнес юритиш малакаларини Алия махсус таълим тренингларида ўзлаштириб боряпти.

Зулфия Бадеева, бизнес-тренер:

– Алия 2020 йилда махсус курсдан ўтди, бир ой давомида тадбиркорлик асосларини ўрганди. Қандай бизнес билан шуғулланиш хусусида мунтазам маслаҳатлар олиб турди. Чунки ўзи учун қизиқарли бўлган иш билан шуғулланишни ўйлаганди. Биз ишсиз қолган аҳоли қатламларига таълим берамиз. Ижтимоий заиф қатлам вакиллари орамизда жуда кўп. Кўп болали, ногирон фарзандни тарбиялаётган оналар, 29 ёшгача бўлганлар ҳам кам эмас. Йилига 1 минг 500 нафаргача одамга таълим берамиз, шулардан ўртача 500 нафари ўз бизнесини очади.

«Бизнес йўл харитаси-2025» бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш дастури 2012 йилда ишга туширилган. Жами 388 нафар тадбиркор давлатдан қайтарилмайдиган ёрдам олди. Умумий қиймати 1 миллиард 400 миллион тенге бўлган грантлар ташкил қилинди. Жорий йилда бу дастурда қатнашишни истовчилар 1-15 апрель кунлари ариза топшириши мумкин.

Айжан Нурматова, Нур-Султон шаҳар инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси вакили:

– Танлов жараёни тўла автоматлаштирилган, ўтган йилдан бошлаб ҳужжатлар фақат онлайн қабул қилинади. Дастурда Нур-Султон шаҳрида хусусий тадбиркор ёки МЧБ шаклида рўйхатдан ўтган ёки пойтахтда иш юритишни режалаштирган кичик тадбиркорлик субъектлари қатнашиши мумкин. Қатнашчилар бизнеси қоидаларга кўра тасдиқланган иқтисодиётнинг устувор йўналишларида иш юритиши шарт. Бизда улар қаторига саноат, ишлаб чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқалар киради.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 345 миллион тенге ажратилган.  Шундан 20 фоизи аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб бошловчи тадбиркорлар лойиҳасини молиялаштиришга қаратилган. 29 ёшгача бўлган бизнесменларга эътибор берилади,  уларнинг ғояларини рўёбга чиқариш учун республика бюджетидан 45 миллион тенге ажратилган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.