Туркия Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари бешлигига киради. Икки давлат ўртасида товар айланмаси тобора ортиб боряпти. 2022 йилнинг дастлабки 7 ойида бу кўрсаткич 66 фоизга ортди ва 3,5 миллиард долларга етди. Бир қатор инвестициявий лойиҳалар имзоланди, 6 миллиард доллар сармоя келиши кутилмоқда. Ўзаро алоқалар салоҳияти катта. Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлагани каби, томонлар товар айланмасини 10 миллиард долларга етказишни режалаштирган. Қозоғистон ва Туркия минтақавий ҳамда халқаро майдончаларда фаол ҳамкорликни давом эттиряпти. Ҳамкор давлатлар турк дунёси интеграциясига хизмат қиляпти. Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ташрифи бу фаолиятга янги туртки бериши шубҳасиз, дейди экспертлар.
Ҳусайн Бағжи, Туркия ташқи сиёсат институти директори, профессор:
- Бу ташриф икки томонлама ҳамкорлик уфқларини кенгайтиради, десак асло муболаға бўлмайди. Биз Тўқаевнинг мамлакатимизга ташрифи мобайнида илиқ ва яқин алоқалар гувоҳи бўлганмиз. Қозоғистон ва Туркия – бир-бирини қўллаб-қувватловчи қардош давлатлар. 30 йил давомида ҳамкорлик мунтазам ривожланиб борди. Фикр алмашиш, минтақадаги ва глобал ўзгаришлар юзасидан фикр алмашиш, умумий мавқени шакллантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кўп ишлар қилинди.
Мехмет Сейфеттин Эрўл, Анқара бўҳронлар ва сиёсат жараёнлари тадқиқоти маркази директори:
- Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чораларини мустаҳкамлаш масаласи мавжуд. Келажакда Астана мулоқот майдони, тинчлик нуқтасига айланади. Шу муносабат билан ушбу учрашув ташкил этилган вақт жуда муҳим. Экспертлар ушбу майдончада зиддиятли замонамиз муаммоларини енгиллатувчи аниқ келишувлар ишлаб чиқилишига умид қилади. Икки президентнинг учрашуси турк дунёси учун катта аҳамиятга эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси