Рақамлаштириш ва СИ – Евроосиё ҳамкорлиги устуворликларига киради

Рақамлаштириш ва СИ – Евроосиё ҳамкорлиги  устуворликларига киради

Астанада Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Қозоғистон Президенти EОИИга аъзо давлатлар - Беларусь, Қирғизистон, Россия етакчиларига, Арманистон бош вазири ўринбосарига, кузатувчи давлатлар ва таклиф этилган меҳмонларга тадбирларда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди. У 2014 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома имзоланган кунда бугунги учрашувнинг ташкил этилиши рамзий маънога эгалигини таъкидлади. Олий Кенгаш қарори билан 29 май расман EОИИ куни, деб эълон қилинган. Ташкилот макроиқтисодий ривожланишнинг ижобий динамикасини сақлаб келмоқда. Глобал бозорлардаги беқарорликка қарамай, 2025 йилда мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 95 миллиард доллардан ошди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 6 фоиздан кўпроққа ўсиши кутиляпти, бу эса 100 миллиард долларлик маррадан ўтиш имконини беради. Айни вақтда, Президент таъкидлашича, халқаро ташкилотлар глобал бозор аҳволини юқори баҳоламаяпти.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботига кўра, жорий йилда жаҳон иқтисодиёти прогнози 3 фоизгача секинлашиш томонга ўзгартирилди. Тузилишдаги ўзгаришлар EОИИ иқтисодий динамикасига ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди. Бундай шароитда ташкилотимизни янги шароитларга мослаштириш, унинг ички барқарорлигини мустаҳкамлаш ва рақобатбардошлигини ошириш долзарб масалага айланади.


Қозоғистон Президенти Олий Кенгаш раиси сифатида интеграциявий тузилмаларни ривожлантириш учун бир қатор стратегик устувор йўналишларни кўрсатди. Улар рақамли технологияларни жорий этиш, транспорт-логистика алоқаларини кучайтириш, савдодаги тўсиқларни камайтириш билан боғлиқ.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Иттифоқ доирасида ахборот тизимлари интеграцияси – давр талаби. Евроосиё иқтисодий комиссияси томонидан миллий хизматларнинг рақамли "витринаси"ни яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар жуда долзарбдир. Ўйлайманки, биз бу жараёнларни тезлаштиришимиз ва EОИИ рақамли транспорт йўлакларининг тўлақонли экотизимини шакллантиришни таъминлашимиз керак. Ишончим комилки, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш Евроосиёнинг юқори технологияли транспорт марказини яратиш имконини беради.


Рақамли трансформация EОИИ мамлакатларининг агросаноат мажмуасига ҳам таъсир қилади. Қозоғистонда янги технологияларни қўллаш самарадорлиги бўйича аниқ мисол бор. Қишлоқ хўжалиги ерларини рақамлаштириш ва прогнозлаш тизимлари туфайли мамлакатда кетма-кет иккинчи йил рекорд даражадаги - 27 миллион тонна ғалла ҳосили олинмоқда. Юқори технологияли қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ташкилотнинг глобал озиқ-овқат бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланади, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Уларни молиялаштиришда Евроосиё тараққиёт банкининг салоҳиятини ишга солиш зарур. Бундан ташқари, ташқи ҳамкорлар билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳақида ҳам сўз юритилди. Қозоғистон Президентининг фикрича, Иттифоқнинг Араб дунёси, Жануби-Шарқий Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари, минтақавий иқтисодий бирлашмалар билан алоқаларини кенгайтириш зарур.


Абдумалик Сарманов таржимаси.