Рақамлаштириш Қозоғистон автойўллари ўтказиш қувватини 20 фоизга оширди

Рақамлаштириш Қозоғистон автойўллари ўтказиш қувватини 20 фоизга оширди

Қозоғистонда рақамлаштириш транспорт соҳасини ривожлантиришнинг асосий факторига айланяпти. 10 ой давомида транспорт хизматлари ҳажми 20 фоиздан зиёд, транзит юк ташишлар 29 миллион тоннадан ошди. Ҳукумат йиғилишида Транспорт вазири берган маълумотга кўра, электрон майдончалар авиация ва темирйлларда фаол жорий этилиши юк ўтказишни жадаллаштиради ва жараёнлар шаффофлигини оширади. Авиация соҳаси e-Freight стандартига ўтди, натижада импорт ва экспорт жараёнларини тўла автоматлаштириш имконияти туғилди. Темирйўлда Digital Trade Corridor жорий этиляпти, декларация беришда «ягона дарча» ривожланяпти, Wabtec ечимлари составлар ҳаракатини масофадан назорат қилишга йўл очади. Шунингдек, октябрь ойидан бошлаб Smart Cargo майдончаси очилди. У давлат органлари сервисларини ўзаро боғлайди, юкларни «ягона дарча»га жойлайди, расмийлаштиришда сунъий идрокдан фойдаланади. Мамлакат йўлларида рақамли паспортлар, электрон ижозатнома ва бошқа рақамли ҳужжатлар жорий этиляпти, бу эса чегарани кесиб ўтишни жадаллаштиради. Қозоғистон юк автомобиллари 42 давлатга маҳсулот етказиб беряпти. Рақамли сервислар самарадорлиги эса тезлик ва логистика барқарорлигига бевосита таъсир қилади.

Ерлан Сауранбаев, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири:

- Ўтган йили ХХР ва Ўзбекистон билан хорижий ижозатнома алмашинуви электрон форматга ўтди. Соҳанинг рақамли трансформацияси ўтказиш қувватини 20 фоизга оширди. Битта автотранспорт учун ўтказиш пунктлари ўртача 10 дақиқа сарфлаяпти. Сунъий интеллект технологияси жорий этилиши поездларни режалаштириш ва жамлаш ишини 6 марта жадаллаштирди.  Аэропортларда юкларни жойлашга атиги бир соат сарфланяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси