«The National Interest» нашрида Қозоғистон Президентининг мақоласи чоп этилди

«The National Interest» нашрида Қозоғистон Президентининг мақоласи чоп этилди

Қозоғистон Президентининг мақоласи Америка нашри - «The National Interest»да эълон қилинди. У янги Конституцияга бағишланган. Мақолада Қосим-Жўмарт Тўқаев яқинда Қозоғистонда ўтказилган конституция бўйича референдум мамлакат миллий тараққиёт йўлига содиқлигини кўрсатишини таъкидлаган. Шунингдек, яна бир марта мамлакатдаги сиёсий тизим мукаммаллигини, фуқаролар давлат келажагини ҳал қилишда бевосита иштирок этишга тайёрлигини намойиш қилади. Конституцияга ўзгаришлар кенг жамоатчилик томонидан маъқулланганини рақамлар ҳам кўрсатиб турибди, қозоғистонликларнинг 87,15 фоизи «ҳа» деб жавоб берган. Шу тариқа, дея уқтиради Қозоғистон Президенти, мамлакат сиёсий ўзгаришларнинг ўта муҳим босқичларига ўтмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев айтганидек, Асосий қонун матни устидаги иш жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, ўта синчковлик билан олиб борилган. Жами бўлиб, 12 мингга яқин таклиф ўрганиб чиқилган. Президент ёзишича, тузилмавий ислоҳотлар давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш ва кадрларни янгилашга қаратилган. Қосим-Жўмарт Тўқаев алоҳида айтиб ўтгани каби, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, муҳим қарорлар қабул қилишдаги иштироки кенгайтирилди. Бундан ташқари, давлат раҳбари Қозоғистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ва ислоҳотларни давом эттириш заруратига тўхталиб ўтган. Мақолада мамлакат тараққиёт даражаси ҳам кўрсатиб ўтилган, Қозоғистон дунёнинг 50 та йирик иқтисодиёти рўйхатидан жой олган бўлиб, давлат бошқарувини рақамлаштириш даражаси бўйича 30 таликка киритилган, шу билан бирга, бой нефть-газ захираларига, ўта муҳим фойдали қазилмалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эга.

Абдумалик Сарманов таржимаси