Умуммиллий коалиция Манғистау аҳолиси билан учрашди

Умуммиллий коалиция Манғистау аҳолиси билан учрашди

Мажилис раиси раҳбарлигидаги Умуммиллий коалиция Манғистау вилоятига борди. Аҳоли билан учрашувда Ерлан Қўшанов минтақанинг кучли саноат салоҳиятига эгалигини таъкидлади. Тўпланиб қолган муаммолар эса Давлат раҳбари топшириғига кўра ишаб чиқилган мажмуавий режа асосида ечимини топмоқда. Яқин йилларда минтақада қайта ишлаш саноати, логистика, туризм ва қишлоқ хўжалигига оид 55 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилади. Уларнинг умумий қиймати 10 триллион тенгега тенг. Бундан ташқари, Жанаўзенда қурилаётган газни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш салоҳияти катта. Ерлан Қўшанов янги Конституция лойиҳаси меъёрларига тўхталиб ўтди. Уларнинг тенг имкониятлар яратиш ва давлатнинг ривожи учун мустаҳкам асос ҳозирлашига эътибор қаратди.

Ерлан Қўшанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси раиси:

- Ушбу қадамлар асосида адолат, тенглик, бирлик ғоялари турибди. Қонун ва тартиб мустаҳкамланади. Ушбу тушунчалар асосий қадриятларимиз, тамойилларимизга айланади, ижтимоий онгни ривожлантиради. Янги Конституция – тизимли ишларимизнинг узвий давоми ва натижаси. Шунинг учун мамлакат келажагини кўзлаган моддалари, Муқаддимада акс этган, жамият талабига кўра туғилган қадриятлар Президентнинг юрагидан чиққан. Бир сўз билан айтганда, янги Конституция Давлат раҳбарининг халқ овози билан уйғунлашган мушоҳадалари меваси.

Минтақа саноатчилари, шу жумладан, нефть соҳаси вакиллари билан учрашувларда экология масалаларига алоҳида эътибор берилди. Конституцияда табиатни асрашбилан боғлиқ меъёрлар киритилгани таъкидланди. Корхона ходимлари муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши муҳимлигини тилга олишди.

Арғинбек Қалбаев, «Ўзенмунайгаз» ҲЖ Ташқи ва ички коммуникациялар бўлими мутахассиси:

- Нефть соҳаси вакили сифатида меҳнат одамларининг мақоми ортаётганини, ҳуқуқлари муҳофаза қилинаётганини кўряпман. Аниқ ўзгаришларни кўриб турибман. Шу жумладан, янги Конституциянинг 3-модда, 2-бандида инсон капитали, фан ва таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу устуворликлар мамлакат келажаги учун муҳим, халқ манфаатига хизмат қилади. Референдум — халқ овози тингланадиган очиқ майдон. Шунинг учун бу ташаббусларни ўз вақтида берилган тўғри таклиф, деб ҳисоблаймиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси