Радиофармпрепаратларнинг 90 фоизи Қозоғистонда чиқарилади

Ядро тиббиёти — онкологик касалликларни даволашда ўта муҳим йўналиш. Соҳа Қозоғистонда эътирофга эришган. Онкологик касалликларнинг эрта ташхиси, уларни даволашда ишлатиладиган радиофармпрепаратларнинг 90 фоизи Ядро физикаси институтида тайёрланади. Улардан учтаси энг кўп чиқарилади. Иккитаси йод-131 радиоизотоплари асосида, биттаси технеция-99m. Бунда атом тадқиқот реакторидан фойдаланилади.

Елена Чакрова, Ядро физикаси институти Радиохимия ва изотоплар ишлаб чиқариш илмий-техник маркази раҳбари: 

– Технеций ва врач белгилаган жамламалар ёрдамида деярли барча орган ва тизимларни тадқиқ қилиш мумкин. Ядро тиббиёти стандартларидан бири – суяк метастазаларини назорат қилиш, унда технецийли жамлама одамга киритилади ва онкологик касалликлар суякда метастаза берса, бу ҳолат яққол кўринади.

Ҳозир фтор-18 ва лютеций-177 изотоплари асосида янги дорилар чиқариляпти. Улар простата бези ракини аниқлаш учун ишлатилади. Врачлар таъкидлашича, касалликни даволаш уни қанчалик эрта аниқлашга боғлиқ. Қозоғистонда ташхис учун фтордезоксиглюкоза 18F препарати тайёрланаяпти. 

Жандўс Аманқулов, Қозоғистон Онкология ва радиология илмий-тадқиқот институти радиология ва ядро тиббиёти бўлими раҳбари:

– Тиббиётда қисқа ёки ўта қисқа вақт яшовчи радиофармпрепаратлар ишлатилади, уларни бошқа давлатлардан олиб келиш қийин, чунки, масалан, фтордезоксиглюкозани ташиб келтириш учун 4 соатдан зиёд вақт кетмаслиги лозим. Шунинг учун узоқ жойлардан уни келтира олмаймиз. Ҳозир изотопли дориларни ўзимизда чиқаришимизга тўғри келди.

Жорий йилда мазкур ўта муҳим маҳсулотларни Қирғизистонга етказиб берилиши йўлга қўйилди. Қозоғистонда онкокасалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш 9 та ядро тиббиёти марказида йўлга қўйилган. Яқин келажакда Астана, Ақтўбе, Қарағанди ва Ўскеменда янгилари очилиши мўлжалланяпти. Мамлакатда ядро тиббиёти ривожланишда давом этади. Унда атом энергетикаси асосий ўрин тутади. Олимлар Жанубий Корея, Япония ва АҚШ тажрибаси асосида илғор технологияларни жорий этади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.