Астанада Хитой бизнеси иштирокида экспортчилар форуми ўтказилди

Қозоғистон Хитойга мамлакат ичида ишлаб чиқарилган 135 товар тури бўйича 1 миллиард доллар ҳажмида маҳсулот экспорт қилиш ниятида. Шу жумладан, Осмон ости мамлакатига саноат ва қишлоқ хўжалиги товарларини етказиб беради. Астанада Қозоғистон экспортчилари форумида Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев таъкидлашича, ўтган йил якунларига кўра, Хитой Қозоғистоннинг етакчи савдо ҳамкорига айланди. Икки давлат ўртасида товар айланмаси 2023 йилда рекорд кўрсаткичга етгани қайд қилинди. 31 ярим миллиард долларга тенг маҳсулот ва хизматлар алмашинилди. Қозоғистон экспорти импорти билан деярли тенглашди ва 12 фоизга ошди. Томонлар яқин келажакда, шу жумладан, Қозоғистон дони ва агросаноат маҳсулотлари ҳажмини ошириш ҳисобига, ўзаро савдонинг умумий ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш ниятида. 

 

Арман Шаққалиев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири: 


- Биз Хитой Халқ Республикасидан 200 дан зиёд тадбиркорни таклиф қилдик. Масалан, форум доирасида олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан 300 минг тонна маккажўхори бўйича шартнома тузилди. Хитой 500 минг тоннагача рапс ёғи сотиб олиш ниятида.   

 

Рустам Жанатаев, «Продкорпорация» миллий компанияси» ҲЖ бошқарувчи директори 


- 2022 йилда буғдой экспорти атиги 130 минг тоннани ташкил қилганди. 2023 йилда 600 минг тоннагача ортди, жорий йилнинг салкам уч ойида эса Қозоғистон  200 минг тонна буғдой жўнатишга улгурди. Бу йўналишда улкан салоҳият кўряпмиз, Қозоғистон  Хитойга камида 1 миллион тонна экспорт қилишига эришишимиз керак. Хитой Қозоғистон учун анъанавий буғдой сотиладиган бозорга айланиши зарур 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси