«Qazdatathon» танлови ўтказилди

Катта маълумотлар қозоғистонликларга хизмат қилади. Астанада ҳар йили ўтказиладиган «Qazdatathon» миллий танлови ташкил этилди. Ундан мақсад ёшларни статистика кўрсаткичларидан фойдаланиш, уларни бошқариш ва маълумотлар асосида ижтимоий-иқтисодий қарорлар қабул қилиш амалиётини татбиқ этишга жалб қилишдан иборат. Танлов ташкилотчиси - Миллий Статистика бюроси. Финалга чиққан 7 та жамоа бандлик соҳасида ўз таклифларини билдирди. Улар лойиҳаларида катта маълумотларни қайта ишлаш ва визуаллаштириш усулларидан фойдаланишди. Энг яхши иш сифатида норасмий меҳнат бозори бўйича ўтказилган тадқиқот кўрсатилди. Қатнашчилар қайси ёшлар расмий меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаётгани, уларнинг меҳнат бозоридаги улушини ўрганишди, бу бозорнинг ривожланиш йўлларини прогноз қилишди. Ташкилотчилар таъкидлашича, ғолиблар давлат тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш ва келгуси лойиҳаларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Мақсат Турлибаев, Миллий Статистика бюроси раҳбари:

- Миллий Статистика бюроси маълумотлар билан ишлашни оммалаштираётганига анча бўлди. Биз бир неча сервислар яратганмиз, барча илмий ташкилотлар, тадқиқотчилар ва аналитиклар маълумотларни шахси кўрсатилмай олишига имкон яратувчи тадқиқотчи кабинетлари ишлаб турибди.

Нургазин Амирлан,  Raspi Ked гуруҳи аъзоси:

- Давлат органлари бу иш билан мунтазам шуғулланади, лекин улар баъзи кичик ўзгаришларни сезмай қолиши мумкин. Мана шундай лойиҳалар бу ишга янгича нигоҳ олиб киради. Яъни ёшларнинг, ёш авлоднинг фикри. Шунчаки, бошқа томондан нигоҳ ташлаш керак. Шунинг ўзи етарли самара бера олиши мумкин

Абдумалик Сарманов таржимаси