Қозоғистонлик дизайнерлар Парижда

Қозоғистонлик дизайнерлар Парижда

Шарқий шоуда Ипак йўли ва Яқин Шарқ мамлакатлари кутюрьелари асарлари намойиш қилиняпти. Ушбу мавсумда 12 давлат модельерлари бирга ишлайди. Улардан ҳар бири юксак дидли томошабинга таклиф этиш мумкин бўлган асарлар муаллифи. Қозоғистонлик дизайнер ва этнолог Ханум Айдаш қадимий туркийлар маданиятидан илҳомланган ҳолда яратилган коллекциясини келтирган. У ясаган кўп асрлик тарихга эга саукеле, анъанавий миллий тақинчоқларда мовий ранг устун.

Ханум Айдаш, дизайнер:

- Жуда нозик коллекция юзага келди. Мен аждодларимиз фақат чавандозлик қилмагани, қизларимиз нозик, енгил, ҳарир либосларда юрганини кўрсатишни истадим. Париж аҳлига қозоқ қизларининг нозик образи маъқул келди, деб ўйлайман.

Яна бир модельер юртдошимиз – Сабина Вольская болалар либослари коллекциясини келтирди. Томошабинлар эса айни вақтда подиумга чиққан жажжи қозоғистонлик моделларни олқишлади.

Хинд Жудар, Oriental Fashion Show асосчиси:

- Жуда ажойиб. Биз учун кутилмаган сюрприз. Биринчи марта болалар тақдим этиши. Бу болалар коллекцияси Юксак мода даражасида бўлди. Қандайдир асллик, муҳташамлик сезилди. Болалар ўзини туғилганидан саҳнада юргандек тутди.

Абдумалик Сарманов таржимаси