Ақўрдада
Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Эмманюэль Макрон ўртасида тор доирада ва икки давлат делегациялари
иштирокида музокаралар ўтказилди. Эслатамиз, Франция Президенти Қозоғистонга
расмий ташриф билан келди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Эмманюэль Макронни илиқ кутиб
олди ва француз етакчисининг Астанага илк ташрифи икки томонлама
муносабатларнинг ривожланишига кучли туртки беришига ва кўп соҳаларни қамраб
олган ҳамкорлик янги даражага кўтарилишига ишонч билдирди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Франция – Қозоғистоннинг
Европа Иттифоқидаги муҳим ва ишончли ҳамкори. Ўтган йили товар айланмаси 30 фоизга
ошди ва 4 миллиард долларни ташкил қилди. Жорий йилнинг саккиз ойида савдо
ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга кўпайди, ҳамда 2,7 миллиард долларга
етди.
Франция Қозоғистон иқтисодиётига
18 миллиард доллар инвестиция киритди. Республика ҳудудида 170 та француз компанияси
ишлаб турибди. Мамлакатлар энергетика, қурилиш, машинасозлик, аэрокосмик соҳа, тоғ-кон
соҳаси, атом ва кимё саноати, фармацевтикада қўшма корхоналар барпо этган. «Яшил»
энергетика, логистика, транзит, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, таълим
соҳаларида ўзаро ҳамкорлик ривожланади. Учрашув давомида Қозоғистон ва Франция
етакчилари ҳар иккала мамлакат учун муҳим сана – стратегик ҳамкорлик тўғрисида
шартнома имзоланганининг 15 йиллигини эслаб ўтишди.
Эмманюэль Макрон,
Франция Республикаси Президенти:
– Иқтисодий
алоқаларга, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тикланувчи энергетикага
янги туртки берилади, деб ўйлайман. Биз рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар ва янги
ташаббусларни инвестициялар билан қўллаб-қувватлаймиз. Бундан ташқари, маданий-гуманитар
ҳамкорлик ривожланяпти. Таълим ва фан соҳасида аниқ келишувлар тайёрланди. 2024
йил сентябридан Қозоғистон – Франция университети иш бошлайди.
Икки давлат
раҳбарлари минтақавий ва глобал муносабатлар кун тартибида турган масалалар
юзасидан фикр алмашишди, зиддиятларни тинч, дипломатик йўл билан ҳал қилишга
чақиришди. Музокаралардан сўнг Қозоғистон ва Франция томонлари Стратегик минераллар
бўйича ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларацияни имзолашди. Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт
Тўқаев инвестициявий лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма ишчи гуруҳ тузиш
таклифини билдирди. Франция Президенти эса Қозоғистон жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга
катта ҳисса қўшаётганига эътибор қаратди. Биргаликда Қозоғистонда оқсимга қарши
вакцина ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича муҳим шартнома имзоланди. Бундан ташқари,
француз томони иштирокида Жамбил вилоятида 1 гигаватт қувватга эга шамол электростанцияси
қурилади. Томонлар локомотив ва вагонлар ишлаб чиқариши учун инвестиция киритиш
тўғрисида ҳам шартномани имзолашди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.