Астанада «Марказий Осиё – Италия» биринчи саммити ўтказилди

Астанада «Марказий Осиё – Италия» биринчи саммити ўтказилди

Қозоғистон 100 тадан зиёд товар бўйича Италияга экспортини 1 миллиард долларга ошириши мумкин. Улар қаторида металлургия, машинасозлик, нефть химияси ва бошқалар бор. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «Марказий Осиё – Италия» биринчи саммитида шундай баёнот берди. Давлат раҳбари минтақавий кооперация ривожланаётганини кўрсатиб ўтди. Айни вақтда Марказий Осиё халқаро муносабатлар субъекти сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб боряпти. Шунинг учун «С5+1» форматидаги ўзаро алоқалар Италия билан савдода минтақа давлатларининг фойдали ҳамкорлигини кенгайтиришга асос яратади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев истиқболли ҳамкорлик йўналишларини тилга олди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Биринчи навбатдаги устуворлик – савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш. Дунёнинг иқтисодий қутблари ўртасидаги тариф зиддиятлари барча мамлакатларни салбий оқибатларга олиб келади. Бундай мавжудликда биз йўлга қўйилган савдо-иқтисодий алоқаларни сақлаб қолишимиз, мустаҳкамлашимиз жуда муҳим. Фикримизча, янги қўшма лойиҳалар бошлаш, биринчи навбатда юқори қўшимча қийматга эга нохомашё товарлар турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш керак.


Марказий Осиё давлатлари Европага ўз агромаҳсулотларини етказиб бериш бўйича катта салоҳиятга эга. Бундан ташқари, савдо уйлари ва логистика марказлари очилиши ўзаро савдони кенгайтиришга қўшимча туртки бера олади. Шу жумладан, Қосим-Жўмарт Тўқаев Алматида Италия савдо уйи очишни таклиф қилди. Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши — энергетика.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Мамлакатимиз Европа иттифоқига нефть етказиб берувчилар илғор учлигига киради. Жорий йилда итальян бозорига 30 миллион тонна Қозоғистон нефти етиб борди. Бу эса ўтган йилдагидан 27 фоизга кўп. Заруратга кўра, биз маҳсулот ҳажмини оширишимиз мумкин. Шу билан бирга, келажак — муқобил энергетика билан боғлиқлиги аён бўляпти. Қуйи углеродли қитисодга кўчиш – Қозоғистоннинг устуворликларидан бири. Биз шамол ва қуёш электростанциялари қурилишида қўшма лойиҳаларни амалга ошираётган итальян ҳамкорлардан миннатдормиз.


Саммитда Қозоғистон Давлат раҳбари Минтақавий тадқиқот маркази бунёд этиш таклифини билдирди. Унда Марказий Осиёдаги ноёб-ер металлари конлари ҳақидаги маълумотлар тўпланади. Шунингдек, технологиялар трансфери ва минтақада итальян ишлаб чиқаришларини локаллаштириш муҳим. Президент минтақалараро алоқаларни таъминловчи Транскаспий Халқаро транспорт йўналишини мустаҳкамлашни таклиф этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таълим ва маданият соҳасида ҳам алоқаларни кенгайтириш таклифини билдирди. 2026 йилда Марказий Осиё ва Италия маданиятларини яқинлаштириш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси