Qazaq Air авиакомпанияси ўз номини VietJet Kazakhstan
тарзида ўзгартиради. Астанада бўлиб ўтган
Қозоғистон-Вьетнам бизнес-форумида келишув имзоланди. Эслатамиз, маҳаллий
авиаташувчи харидига доир меморандум инвестор билан ўтган йили тузилган. Бугунги кунда унинг барча шартлари бажарилди. Стратегик
ҳамкорлик фақат соҳани ривожлантиришга эмас, балки Қозоғистон ва Вьетнам
ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам қаратилган.
Ермек
Кошербаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:
– Бу – Қозоғистон халқаро хабни равнақ топтиришга
тайёр бўлган кенг кўламли майдон. Биз ҳозирги
пайтда «Qazaq Air» компаниясини сотиб олиш бўйича келишув тузилган Sovico Group компанияси билан ҳамкорликка катта аҳамият
қаратганмиз. Бу ҳаво кемалари паркларини
кўпайтириш, замонавий логистика хаблари қуришда катта имконият эшикларини очади.
Шарқу Ғарбни бирлаштирадиган транзит хаби сифатида Қозоғистон Вьетнам учун Марказий
Осиёга дарвоза бўла олади. Ўз навбатида, республикамиз учун бу АСЕАН бозорларига йўл очади. Шу боис, Қозоғистон ва Вьетнам қўшма корхоналар барпо этиш орқали шерикликни
ривожлантириш ниятида. Ҳозирда мамлакатимизда Вьетнам капиталига эга 13 та компания ишлаб турибди.
Аблахат Кебиров, Вьетнам компаниясининг Қозоғистон ва
Марказий Осиёдаги лойиҳалари раҳбари:
- Бу - Вьетнамдаги йирик қурилиш компанияси. Қозоғистон ва Марказий Осиё бозорига чиқишни режа қилганмиз. Қозоғистонда лойиҳани ишга туширишни, чин маънодаги мураккаб лойиҳаларда ўз
тажрибамиз, технологиялардаги компетенциямизни келтиришни режалаштирдик.
Томонлар АСМ ва озиқ-овқат саноатида ҳамкорликни
кенгайтиришни кўзлаган. IТ соҳасида етакчилардан бўлган Вьетнам давлат хизматларини рақамлаштириш, АI-технологияларни жорий этишда Қозоғистон учун стратегик шерикка айланиши мумкин. Шунингдек, тарафлар мамлакатимизда кўптармоқли
сайёҳлик мажмуаси қурилиши борасида ҳам келишувга эришди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

