Президент Туркий давлатлар ташкилоти саммитида қатнашди

Бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев Бишкек шаҳрида Қозоғистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги раислиги якунларини чиқарди. Қирғизистон пойтахтида ТДТ саммити ўтказилди. Жорий йилда ташкилот 15 йиллигини нишонлаяпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, ўтган давр мобайнида ТДТ халқаро саҳнада нуфузли ташкилотга айланди.

 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

Қозоғистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги раислиги «TURKTIME!» шиори остида ўтди. Биз туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга, ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдик. Аниқ натижаларга эришилди. Қатор лойиҳалар рўёбга чиқди, 80 та тадбир ўтказилди. Астанада бутун дунёга Буюк даштнинг бой кўчманчи тамаддунини намойиш қилган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ташкил этилди. Ягона туркий алфавитнинг тасдиқланиши тарихий воқеага айланди.

Туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айланмаси жорий йилда 45 миллиард долларга етди. Ва бу сўнгги марра эмас. Ташкилот доирасида савдо-иқтисод, энергетика, молия соҳаларида алоқалар кенгайиб боряпти. ҚозоғистонПрезиденти фикрича, ишга туширилган Туркий инвестиция жамғармаси ҳам интеграциянинг чуқурлашишига хизмат қиляпти. Янгидан тузилаётган ТДТга аъзо давлатлар Марказий банклари кенгаши ҳам мазкур мақсадга хизмат қилади. Ушбу қарор бир овоздан қабул қилинди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, транспорт-логистика алоқаларининг мустаҳкамланиши ҳам катта самара беради. Қозоғистон Президенти инсон капиталини ривожлантиришга эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг яна бир таклифи — кабель телеканалларини ўзаро маълумот тарқатишига эришиш орқали туркий дунёнинг ягона ахборот маконини яратишдан иборат. Саммит ниҳоясида томонлар 8 та ҳужжатни имзолашди. 2025 йилда ТДТга Қирғизистон раислик қилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси