Қосим-Жўмарт Тўқаев
БССТ ёрдамида дастлабки тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича давлатлар коалициясини
тузиш таклифи билан чиқди. Бирлашма касалликлар олдини олиш ва саломатлик
тамойилларини илгари суриш, тавсиялар ишлаб чиқиш учун имконият яратади. Бугун
Астанада Дастлабки тиббий-санитария ёрдами бўйича глобал конференциянинг пленар
йиғилиши ўтказилди. Тадбир Алма-Ата декларациясининг 45 ва Астана декларациясининг
5 йиллигига бағишланган. Бу ҳужжатлар халқаро соғлиқни сақлаш тизими
ривожланишида катта ўрин тутган. Алма-Ата декларацияси кўплаб давлатларни
одамлар саломатлигини яхшилашга
қаратилган чора-тадбирлар кўришга, уни инсоннинг асосий ҳуқуқлари қаторида тан
олишга илҳомлантирган.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Алма-Ата декларацияси
кўплаб давлатларда тизимли тарзда оналар ва гўдаклар ўлимини камайтириш, кутилаётган
умр давомийлигини узайтиришда асосий ўрин тутди. Бугунги кунда кўплаб
давлатларнинг Соғлиқни сақлаш миллий тизимида дастлабки тиббий-санитария
ёрдамига алоҳида эътибор берилади. Беш йил аввал Астана декларацияси имзоланиши
ҳам бу фикрнинг тўғри эканлигини тасдиқлайди.
Дастлабки
тиббий-санитария ёрдамининг аҳамияти қанчалик юксаклигини таърифлаш қийин. Бу
тизим эпидемияларни эрта аниқлаш имконини беради. Қосим-Жўмарт Тўқаев
таъкидлашича, бутун дунё соғлиқни сақлаш жамоатчилиги ўзгаришларга мослаша
олишини яна бир марта исботлади. У COVIDга қарши курашга қўшган ҳиссаси учун тиббиёт
ходимларига миннатдорчилик билдирди. Давлат раҳбари Қозоғистонда Соғлиқни
сақлаш тизими қандай ривожланиб бораётгани, рақамлаштирилаётгани тўғрисида ҳам
гапирди. Телетиббиёт ва масофадан кузатиб бориш айниқса олис туманларда
яшовчиларга тиббий ёрдам етиб боришини осонлаштиради.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мамлакатнинг барча
болалари тиббий профилактика кўрикларидан ўтади. Деярли ҳар бир йирик аҳоли
манзилгоҳида ёшлар саломатлиги маркази бор. Йилига 3 миллион нафар атрофида
балоғатга етган фуқаро скрининг ва касбий кўрик дастурларидан фойдаланади. Қишлоқ
аҳолисига тенг имкониятлар яратиш учун тиббиёт хизматлари соҳасида қатор
ислоҳотлар ўтказилди. Натижада, 2018 йилга нисбатан олганда, қишлоқлардаги
биринчи бўғин пунктларининг сони 3 мартадан кўпроққа ортди.
Бутунжаҳон Соғлиқни
сақлаш ташкилоти билан ҳамкорлик масаласини Давлат раҳбари ташкилот Бош директори
Тедрос Гебрейесус ва Европа минтақавий бюроси етакчиси Ханс Клюге билан
муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Қозоғистон пандемиядан кейинги
тикланиш ҳамда БМТнинг аҳоли саломатлиги бўйича асосий мақсадларига эришиши
учун соғликни сақлаш тизимини фаол мустаҳкамлаб келяпти. ШҲТ доирасида БССТ
билан ҳамкорлик ва 2022-2023 йилларда Марказий Осиёда соғлик-саломатлик ва
фаровонликни қўллаб-қувватлаш йўл харитасини рўёбга чиқариш муҳимлиги тилга
олинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.