Қосим-Жўмарт Тўқаев Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Пак Чжин билан суҳбатда KIA, Hyundai автомобиль заводлари, ферроқотишмалар ва пўлат ишлаб чиқариш корхоналарини ижобий намуна сифатида кўрсатиб ўтди. Шу билан бирга, Давлатимиз раҳбари ўзаро фойдали ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш имконияти мавжудлигига урғу берди. Бунинг учун Қозоғистон- Корея Ҳукуматлараро комиссияси ва Тадбиркорлик кенгаши имкониятларидан фойдаланиш зарур.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Икки томонлама ўзаро савдо ҳажми 6 миллиард доллардан ошгани мени қувонтиради. Лекин бизда келажакда фойдаланишимиз зарур бўлган кўплаб имкониятлар мавжуд. Шунинг учун, менимча, мазкур ташриф муҳим халқаро жараёнлар юзасидан фикр алмашиш имконияти сифатида кўрилиши мумкин. Қозоғистон ва Корея асосий халқаро муаммолар юзасидан бир ёки ўзаро яқин мавқеларни эгаллаган. Бизни халқаро саҳнада ва икки томонлама форматда яқинлаштирадиган кўплаб умумийликлар борлигига ишончим комил.
Пак Чжин, Корея республикаси ташқи ишлар вазири:
- 1992 йилда ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён икки томонлама ҳамкорлигимиз фаол ривожланмоқда. 2009 йилда стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузилгач, уларнинг динамикаси кескин ортди. Биз бу борада ўзаро алоқаларни ривожлантиришда давом этаверамиз. Анъанавий соҳаларда ҳам, рақамли технологиялар, соғлиқни сақлаш, энергетика ва атроф-муҳит муҳофазаси каби янги йўналишларда биргаликдаги ишлар мунтазам олиб борилади. Давлатлар ўртасидаги фаол дипломатия икки томонлама муносабатларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси