Қозоғистонда ер қаъридан фойдаланувчиларни
қўллаб-қувватлашнинг янги чора-тадбирларини жорий этиш режа қилинмоқда. Мажилис нефть ва уран қазиб олиш қоидаларини янгилайдиган
қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат мавжуд участкаларни кимошди ўтказмай туриб, 5
минг метргача чуқурлаштириш имкониятини кўзда тутади. Бу геология разведкасини тезлаштириш ва ер қаърини
ўзлаштириш самарадорлигини оширишга йўл очади. Оғир, битуминозли ва сланецли
нефть мавжуд бўлган, технологик жиҳатдан мураккаб
конлар учун алоҳида ҳуқуқий тартиб жорий қилинади. Бундай лойиҳалар қўшимча рағбат ва давлат ёрдами билан таъминланади. Қазиб
олиш соҳасига инновациявий технологияларни татбиқ этган компаниялар учун ҳам
махсус шароитлар кўзда тутилган.
Едил Жанбиршин, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Қонун лойиҳасида нефть тортиб олишни кўпайтириш усулларини қўллаган,
шундай технологияларни татбиқ этган компанияларга рағбат чораларини тақдим этиш
имкониятини кўзда тутувчи алоҳида меъёр таклиф қилинган. Экспертлар фикрича, «КазМунайГаз» конларида нефть тортиб олишни оширишнинг замонавий усулларини қўллаш
2050 йилга қадар 14 миллион тоннадан 25 миллион тоннагача қўшимча нефть олиш имконини яратади, эски конлардан самарали
фойдаланиш муддатларини узайтириб, иш ўринларини сақлаб қолади.
Мажилис банкларга доир қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди
Шунингдек, Мажилисда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб
чиқилди. Ҳужжат молиявий секторни тартибга солиш ва
ривожлантиришга, шу билан бирга, фуқаролар манфаатлари муҳофазасига
йўналтирилган. Унинг доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш
кучайтирилади, молиявий фирибгарликка қарши янги механизмлар жорий қилинади. Рақамли
технологияларга алоҳида эътибор қаратилган. Илк маротаба Рақамли тенге мақоми
мустаҳкамланмоқда ва криптовалюта ҳамда бошқа рақамли активлар айланмаси
тартибга солинади. Қонун лойиҳаси билан банк лицензияларининг икки тури татбиқ
этилади: универсал ва асосий, бу эса Қозоғистонда молиявий хизматлар бозорини
кенгайтириш имконини беради.
Татьяна Савельева, Қозоғистон
Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Универсал лицензия хизматларнинг
кенг спектрида ишловчи йирик банкларга
мўлжалланган, асосийси эса
капиталга соддалаштирилган талабларга эга, лекин операция фаолияти чекланган
кичикроқ банклар учун. Бу бозорда янги банклар пайдо бўлиши учун имконият
яратади, бунда тизим барқарорлигига
зиён етмайди. Биринчи марта
ахлоқий назорат жорий этиляпти, бу назоратнинг янги тури бўлиб, фақат банк бардошлилигига эмас, балки унинг мижозлар
билан ўзаро алоқасига ҳам қаратилган.
Унинг иши – истеъмолчилар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳалол рақобатни
ривожлантириш, мажбурий
хизматларнинг олдини олиш, судгача бўлган келишувнинг тезкор механизмларини таъминлаш.
Абдумалик Сарманов таржимаси

